Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан жиноят ёки маъмурий иш қўзғатиш тартиби қандай?

2026 йил 15 октябрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.

Қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақида Олий Мажлис сенати аъзоси Зумрад Бекатова қуйидагиларни гапириб берди:

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг бош тамойили – инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва одил судловда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.

Ҳуқуқий давлатда ҳар бир фуқаро қонун олдида тенг. Шу билан бирга, давлат ва жамият учун муҳим вазифалар ишониб топширилган, конституциявий ва касбий ваколатларни амалга оширувчи шахсларнинг ўз фаолиятини холис, мустақил ҳамда ғайриқонуний аралашувлардан холи равишда олиб боришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда сўнгги йилларда замонавий бошқарув тамойиллари асосида давлат органлари фаолияти самарадорлиги, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни мустақил ва тўлақонли бажаришига хизмат қилувчи ҳуқуқий кафолатлар тизимли равишда мустаҳкамланмоқда.

Бироқ, ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили дахлсизликка оид нормалар турли соҳавий қонун ҳужжатларида тарқоқ ҳолда белгиланганини кўрсатди. Бу эса айрим тоифадаги шахсларнинг холис ва мустақил фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашувларга чек қўйиш ҳамда дахлсизлик ҳуқуқини амалга оширишнинг аниқ механизмини белгилаш заруратини юзага келтирди.

Хусусан, қонунчиликка мувофиқ, дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан жиноят ёки маъмурий иш қўзғатиш, тергов ҳаракатларини ўтказишнинг процессуал тартиби ва механизмлари аниқ тизимлаштирилмаган эди. Бу, амалиётда турлича талқинлар ва ҳуқуқий ноаниқликларга сабаб бўлаётган эди.

Янги қонун дахлсизлик институтини қўллашнинг ягона ва аниқ ҳуқуқий механизмларини шакллантириш ҳамда соҳадаги қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонуннинг асосий янгиликлари ва мазмунига тўхталиб ўтадиган бўлсак, биринчидан, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга алоҳида янги боблар қўшилди.

Дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг аниқ доираси кўрсатилиб, уларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш, розилик олиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш, тинтув ва бошқа тергов ҳаракатлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш тартиби, шунингдек, бунга ваколатли субъектлар батафсил белгиланди.

Иккинчидан, дахлсизлик кафолатларини ноқонуний равишда бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Дахлсизлик талабларини бузган ҳолда олинган далилларни номақбул деб топишга оид процессуал оқибатлар аниқлаштирилди.

Учинчидан, амалиётдаги жиддий муаммолардан бири – дахлсизлик ҳуқуқига эга шахсни жавобгарликка тортиш учун розилик сўралганда дастлабки терговни тўхтатиш тартиби Жиноят-процессуал кодексининг 364-моддасида ўз аксини топди.

Бу розилик бериш масаласи ҳал этилиши кутилаётган даврда дастлабки тергов муддатларининг ўтиши билан боғлиқ процессуал ноаниқликни бартараф этади.

Қонуннинг асосий аҳамияти, менимча, уч жиҳатда намоён бўлади. Биринчиси, дахлсизлик институтига оид нормалар Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тизимлаштирилиб, ҳуқуқни қўллаш учун аниқ процессуал асос яратилди.

Иккинчиси, тегишли ҳуқуқий мақомга эга шахсларнинг мустақил фаолиятини таъминлашга қаратилган кафолатлар билан жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи ўртасидаги ҳуқуқий мувозанат аниқлаштирилди.

Учинчиси, дахлсизлик кафолатларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида ушбу кафолатларни бузишнинг жиноий ва процессуал оқибатлари белгиланди.

Мазкур қонун дахлсизликни шахсга берилган асоссиз имтиёз сифатида эмас, балки унинг алоҳида ҳуқуқий мақомидан келиб чиқадиган ва қонун доирасида амалга ошириладиган процессуал кафолат сифатида белгилашга хизмат қилади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА

Nashr sanasi 30.10.2026 Ko'rishlar 207
Ulashish