Таҳлил учун Халқаро меҳнат ташкилотининг 2024 йилги маълумотларидан фойдаланилган. Бунда иш ҳақининг оддий номинал миқдори эмас, балки харид қобилияти паритети — яъни турли давлатларда товар ва хизматлар нархи қанчалик фарқ қилиши ҳам инобатга олинган.
Бу усул бир хил миқдордаги пул турли мамлакатларда қанча товар ёки хизмат харид қилиш имконини беришини ҳисобга олишга ёрдам беради. Шу сабабли харид қобилияти паритети бўйича таққослаш аҳолининг минимал иш ҳақи эвазига амалда қандай турмуш даражасини таъминлай олишини нисбатан аниқроқ кўрсатади.
Рейтингда энг юқори кўрсаткич Швейцарияда қайд этилган. Мамлакатда харид қобилияти паритети ҳисобга олинган минимал иш ҳақи ойига 3 804 долларга тенг деб баҳоланган.
Шу билан бирга, Швейцарияда бутун мамлакат учун ягона қонун билан белгилаб қўйилган минимал иш ҳақи мавжуд эмас. Энг кам меҳнат ҳақини белгилаш масаласи айрим кантонлар даражасида тартибга солинади.
Иккинчи ўринни Германия эгаллаган — мамлакатда минимал ойлик иш ҳақи харид қобилияти ҳисобида 2 928 долларга тенг бўлган. Учинчи ўринда Буюк Британия 2 902 долларлик кўрсаткич билан қайд этилган.
Энг юқори минимал иш ҳақига эга давлатлар ўнлигида асосан Европа мамлакатлари ўрин олган. Рўйхатдаги Европа ташқарисидаги давлатлар қаторида Янги Зеландия ҳам бор. Австрия эса рейтингда бешинчи, Янги Зеландия саккизинчи ўринни эгаллаган.
Рейтингнинг энг қуйи поғонасида Гамбия қайд этилган. Бу мамлакатда харид қобилияти паритети ҳисобида минимал ойлик иш ҳақи атиги 67 долларга тенг бўлган.
Минимал иш ҳақи 150 доллардан кам бўлган яна бир қатор давлатлар ҳам бор. Жумладан, Гвинея-Бисауда бу кўрсаткич 83 доллар, Қирғизистонда 91 доллар, Ганада 100 доллар, Серра-Леонеда 121 доллар ва Марказий Африка Республикасида 133 долларни ташкил этган.
Собиқ СССР мамлакатлари орасида ҳам сезиларли фарқ кузатилган. Россияда 2024 йилда минимал иш ҳақи харид қобилияти паритети ҳисобида 662 долларни ташкил қилган. Беларусда бу кўрсаткич юқорироқ — 766 доллар бўлган.
Қозоғистонда минимал иш ҳақи 483 доллар, Арманистонда эса 476 доллар даражасида қайд этилган. Қирғизистондаги 91 долларлик кўрсаткич эса рейтингдаги энг паст натижалардан бири бўлган.
Шундай қилиб, ҳатто харид қобилияти ва мамлакатлардаги нарх-наво фарқи ҳисобга олинганда ҳам, дунё давлатларида минимал иш ҳақи даражаси ўртасида бир неча ўн баробарлик тафовут сақланиб қолмоқда.
Kun.uz
