Эндиликда ўқувчининг дуал таълим шаклида таҳсил олган даври унинг умумий меҳнат стажини ҳисоблашда инобатга олинади
Президентнинг ПҚ–316-сон қарорига кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг ўқиш даври уларнинг умумий меҳнат стажига киритилади.
Шунингдек, дуал таълим тизимида ўқиётган ўқувчиларга махсус платформа орқали ҳар ойлик стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
Бунда ҳар ойлик стипендия базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади. Стипендия Касбий таълим агентлиги томонидан техникумларга ажратилади. Агар ўқувчининг касбий кўникмалари ёки интизоми қониқарсиз деб баҳоланса, стипендия тўловлари тўхтатилади.
Дуал таълимдаги ўқувчиларга тўланадиган стипендия билан боғлиқ харажатлар уларнинг амалиёт ўташ учун ажратилган маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ, давлат харидларида техникумлар ишлаб чиқарган маҳсулот (товар, иш, хизмат)ларга 15 фоизлик преференция берилади.
Давлат органлари ва ташкилотларига техникумларни жалб этган ҳолда қуйидаги фаолият йўналишларини аутсорсинг асосида ташкил этиш ҳуқуқи берилади:
– компьютер техникалари, иситиш, совутиш ва электр энергияси тизимлари, шуниндек, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш;
– оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини амалга ошириш;
– Касбий таълим агентлиги билан келишилган бошқа йўналишлар.
ЎзА
 Ўзбекча
 English
 Русский