“Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида ногиронлиги бўлган шахслар ҳимояланади

Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Парламент комиссиясининг ҳамраиси, Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Кейинги йилларда соҳада жуда катта ўзгаришлар ва туб ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди. Мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асослар яратилди. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш масалалари бугунги кунда 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмоқда.

Тиббий-ижтимоий экспертиза комиссиялари ҳамда вилоят марказларида жойлашган 33 ихтисослаштирилган ва педиатрия комиссияси тугатилиб, ногиронликни белгилашнинг тамомила янги механизми жорий этилди, коррупциявий омилларга барҳам берилди.

Муҳтожларни протез ва реабилитация воситалари билан электрон тижорат орқали ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий қилинди. Протез ва реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 38 тагача кенгайтирилди. Ушбу йўналишда ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи тадбиркорлар сони 5 баравар (27 тадан 134 та)га кўпайди. Шу тариқа бундай воситаларни етказиб бериш муддати 4 бараварга қисқарди.

Ногиронлиги бўлган шахслар бандлигини таъминлаш борасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай тоифадаги фуқароларни ишга олган тадбиркорларга қатор солиқ ва ижтимоий тўловлар бўйича имтиёзлар жорий этилиб, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилмоқда.

Мажлисда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда жамиятга мослашувини таъминлаш борасида Сирдарё вилоятида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланиши учун ҳар бир туман-шаҳарда битта “ижтимоий кўча” ташкил қилинган. Вилоятда 62 мактабнинг 81 инклюзив синфида инклюзив таълим билан қамраб олинган болалар сони 117 нафарга етган. Сўнгги уч йилда ногиронлиги бўлган ёшларнинг олий таълим билан қамрови даражаси 89 фоизга ортган.

2025 йил давомида вилоятда меҳнатга лаёқатли 19 минг 110 нафар ногирон шахснинг 5 минг 601 нафари (29 фоизи)нинг бандлиги таъминланган. Шунингдек, 1 минг 462 нафар ногирон шахс якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. 

Мажлисда мавжуд тизимли муаммолар ҳам қайд этилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит яратиш ҳамда олий таълим тизимида инклюзив таълимни татбиқ этиш ишларини жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мажлис якунида Парламент комиссиясининг тегишли қарори, республика ҳамда Сирдарё вилоятида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси (“йўл харитаси”) қабул қилинди ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар зиммасига уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан зарур вазифалар юклатилди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech