Жанубий Корея: 34 миллион аҳоли шахсий маълумотлари “ўғирланди”

Жанубий Кореянинг энг йирик онлайн савдо платформаси - “Coupang” деярли 34 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари сизиб чиққани учун узр сўради.

Дастлаб, 4 минг 500 аккаунтга платформага рухсатсиз кириш аниқланган бўлса, кейинги текширувлар 33,7 миллион фойдаланувчи маълумотлари – телефон рақами, электрон почтаси, манзили ва айрим буюртма тарихлари ёзиб олинганини кўрсатди

Таъкидланишича, шахсий маълумотлар хориждаги сервер орқали июнь ойидан бери сизиб чиққан бўлиши мумкин. Хайриятки, кредит карта маълумотлари ва ўронлар хавфсиз сақланган.

Ҳодиса мамлакат аҳолиси сонининг ярмидан кўпини қамраб олгани боис ҳукумат кескин чоралар кўришни ва хавфсизлик талабларининг бузилиши аниқланса, компанияга қатъий санкциялар қўллашини маълум қилди. 

Айрим маҳаллий нашрлар буни “ўлка тарихидаги энг йирик шахсий маълумотлар сизиб чиқиши” деб атади.

“Coupang” аввал ҳам бир неча бор киберҳужумларга учраган эди. Бу ҳолат мамлакатда умумий киберхавфсизлик стандартлари қай даражада кучли экани борасида жиддий саволларни туғдирмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech