Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшлар замонавий касбларга ўқитилади
2026 йил 26 март куни давлатимиз раҳбарининг “Жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий касбларга ўқитишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, жазони ўтаётган ёшларни замонавий касбларга ўқитишга қаратилган “Иккинчи имкон” ижтимоий реабилитация миллий лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳа доирасида 2026 йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларидаги, 2027 йил 1 мартдан республиканинг бошқа ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларидаги ёшларни замонавий рақамли касбларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.
Бунда, ўқув курслари 8 - 12 ойлик интенсив ўқув дастурлари асосида жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилади.
Ўқув курсларига ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятларни содир этган жазони ўтаётган ёшлар жалб қилинади.
Ўқув курсларига жалб қилинганлар хорижий тилларни (инглиз, рус, хитой ва бошқалар) ўрганиш бўйича ягона интенсив дастурлар асосида ҳам ўқитилади.
Ўқув курслари якуни бўйича тегишли дастурларни ўзлаштирган жазони ўтаётган ёшларга электрон шаклдаги сертификатлар берилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский