ЖССТ: бачадон бўйни саратони дунё бўйича ҳар икки дақиқада бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан эълон қилинган янги ҳисоботга кўра, бачадон бўйни саратони дунё бўйича ҳар икки дақиқада бир аёлнинг ҳаётига зомин бўлмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу касалликка самарали профилактика чоралари орқали тўлиқ барҳам бериш мумкин. Бунинг учун, аввало, қизларнинг камида 90 фоизи одам папиллома вирусига (ОПВ) қарши тўлиқ эмланиши, аёлларнинг 70 фоизи мунтазам скрининг текширувларидан ўтиши, шунингдек, саратон олди ҳолатлари аниқланган хотин-қизларни 90 фоизгача даволаш қамрови билан таъминлаш зарур.
Маълумот учун, бачадон бўйни саратони хавфли ўсма касаллиги бўлиб, унинг асосий сабаби жинсий йўл орқали юқадиган одам папиллома вирусининг хавфли турлари ҳисобланади. Касаллик дастлабки босқичларда деярли белгилари сезилмасдан кечиши мумкин, бу эса унинг кеч аниқланишига сабаб бўлади.
Шу боис, ПАП-тест ва ОПВ-тест каби скрининг текширувлари орқали касалликни эрта аниқлаш, уни тўлиқ даволаш имкониятини оширади. Эрта босқичда ташхис қўйилган ҳолларда бачадон бўйни саратони тўлиқ даволаниши мумкин.
Бироқ ЖССТ ҳисоботига кўра, айрим паст ва ўрта даромадли мамлакатларда эмлаш ва скрининг имкониятларининг чеклангани сабабли, ушбу касалликдан ўлим кўрсаткичи 94 фоизгача етаётгани қайд этилган.
Шунингдек, ОИВ инфекцияси мавжуд аёлларда бачадон бўйни саратонига чалиниш эҳтимоли соғлом аёлларга нисбатан 6 баробар юқори экани таъкидланмоқда.
Мазкур муаммога жамоатчилик эътиборини кучайтириш мақсадида, ҳар йили январь ойи бутун дунёда “Бачадон бўйни саратонидан хабардорлик ойи” сифатида нишонланади.
Ҳисоботда келтирилишича, самарали натижага эришиш учун ҳукуматлар эмлаш қамровини кенгайтириш, шунингдек, аҳоли учун соддалаштирилган ва қулай скрининг дастурларини жорий этишлари лозим.
Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб миллий эмлаш календарига бачадон бўйни саратонига қарши ОПВ вакцинаси киритилган. Ҳозирда ҳар йили 350 минг нафардан ортиқ 9 ёшли қизлар ушбу касалликка қарши эмланмоқда.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский