Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда дастлаб бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган – «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) Феруза Эшматова маъруза қилди:
– Мазкур қонун лойиҳасида Омбудсман институтига қўшимча кафолатлар бериш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига ахборот тақдим этиш тартиби мустаҳкамланяпти.
Бундан ташқари, Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этиши кўзда тутилмоқда. Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шу билан бирга, айни бир шахснинг икки мартадан ортиқ Омбудсман этиб сайланишига йўл қўйилмаслиги, Омбудсман ва унинг ўринбосарининг ўз ваколат муддати даврида дахлсизлиги бўйича қўшимча кафолатлар, Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакили мақоми қонун лойиҳасида акс этмоқда.
Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига аниқланган қонунбузилишлар бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Омбудсман лавозимига олий маълумотли, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган, сайланиш куни 30 ёшдан кичик бўлмаган ва бевосита сайловгача камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкинлигини белгиловчи қоида киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ва ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан жамоатчиликни хабардор қилиш тартиби ва механизми белгиланмоқда.
Мажлисда Спикернинг биринчи ўринбосари А.Саидов ҳамда фракция раҳбарлари қонун лойиҳасининг аҳамияти ва уни янада такомиллаштириш бўйича фикр ва таклифларини билдирдилар. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 23.07.2024
- Кўришлар: 1228
- Чоп этиш