Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида бўлиб ўтаётган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий карашларни режалаштириш ва амалга оширишни мониторинг қилишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзуидаги халқаро форумдаги маърузасида айтиб ўтди.
У ўз нутқида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар барча мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишини алоҳида таъкидлади. Улар давлат ва фуқаролик жамияти, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро тузилмалар ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, халқнинг овози эшитилиши ва ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Ушбу институтлар шунчаки маслаҳатчи органлар эмас, балки сиёсатни ишлаб чиқиш жараёнининг фаол иштирокчиси, инсон ҳуқуқлари бўйича ташаббусларнинг боришини мониторинг қилиш, баҳолаш ва ҳисобот бериш, мажбуриятларимиз аниқ натижаларга айланишини таъминлайди.
Маърузачи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари институтларининг ўрни ҳақида гапирар экан, мамлакатимизда бундай институтларнинг мукаммал тизими яратилгани, унинг таркибига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Парламент омбудсмани), Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани), Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ киришини айтиб ўтди.
Уларнинг фаолияти бутун мамлакат бўйлаб инсон ҳуқуқларини тарғиб этиш ва ҳимоя қилишга қаратилган. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси 56-моддасига инсон ҳуқуқлари институтлари тўғрисида янги қоидалар киритилгани инсон ҳуқуқларига содиқликдан далолат беради ва халқаро стандартларга мос келади.
— Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси фуқароларнинг миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шунингдек, биз хотин - қизлар, болалар, ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратдик, ижтимоий адолат тамойилларига конституциявий мақом бердик, — деди у.
Бундан ташқари, БМТ тавсияларига мувофиқ “Омбудсман плюс” тизимида Миллий профилактика механизми яратилди. Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ва Тадбиркорлар ҳуқуқлари бўйича вакилга жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини мониторинг қилиш ваколатлари берилди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ваколатларини оширишда қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари институтлари ҳам фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорлик қилаётгани маълум қилинди. Ушбу ҳамкорлик жамиятнинг инсон ҳуқуқлари бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган қўшма ахборот-маърифий тадбирларни ўз ичига олади.
— Ўзбекистонда биз турли манфаатдор томонлар, жумладан, давлат органлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва халқаро ҳамкорларни қамраб олувчи комплекс мониторинг тизимини яратдик. Бундай биргаликдаги ёндашув тараққиётни самарали кузатиш ва юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш имконини бермоқда, — деди Акмал Саидов.
Шунингдек, у Парламентлараро Иттифоқ тавсияларига мувофиқ Ўзбекистон Олий Мажлисининг ваколатлари кенгайтирилаётгани ҳақида маълум қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро механизмлар тавсияларини амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”ни парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя этилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Парламент комиссиясининг асосий мақсади Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегиясини амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.
— Ўзбекистонда фуқароларимизнинг инсон ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган кўплаб тарғибот ва маърифий дастурларни йўлга қўйганмиз, — деди Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари. — Инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ва адолатли жамиятлар барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастурини тасдиқлаган ҳолда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурида фаол иштирок этмоқда.
Маърузада аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистонда хотин-қизлар, болалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа қатламлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўмондаги форум инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қарашларни амалга оширишни режалаштириш ва мониторинг қилишда инсон ҳуқуқлари институтларининг роли муҳокамасига бағишланган биринчи минтақавий анжуман ҳисобланади.
Форумнинг асосий мақсади давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари ҳамда соҳа мутасаддиларига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тажриба алмашишига имконият яратишдир.
Ташкилотчиларга кўра 200 га яқин кишилар иштирок этаётган форум келажакда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича давлат стратегиясини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшади.
«Дунё» АА.
Маскат
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 26 июль кунги 150 (8773)-сони
- Қўшилди: 26.07.2024
- Кўришлар: 1249
- Чоп этиш