Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М. Тиллабаев ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори М. Турғунов инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича амалий ташриф билан Боку шаҳрида (Озарбайжон Республикаси) бўлди.
Ташриф доирасида Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Озарбайжон Президенти Администрацияси қошидаги Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбарияти, билан учрашувлар, шунингдек “Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик: Озарбайжон ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Ташриф давомида Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Баҳром Ашрафханов билан ҳам учрашув ташкил этилди.
Делегация аъзоларининг Озарбайжон Президенти Администрацияси қошидаги Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти бошқарув раиси Магомед Гулузаде билан бўлиб ўтган учрашувда, мазкур Институт фаолияти билан яқиндан таништирди ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Ҳозирда мазкур тузилманинг асосий вазифалари – қонун ҳужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, фуқаролар учун ҳуқуқий онгни ошириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, ҳуқуқнинг турли соҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида илмий тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий-амалий тавсиялар тайёрлашни ташкил этишдан иборат.
Маълумот учун: Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти Озарбайжон Республикаси Президентининг 1998 йил 30 ноябрдаги Фармойиши асосида дастлаб “Инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-тадқиқот институти” деган ном билан ташкил этилган. Мамлакат раҳбарининг 2016 йил 26 майдаги Фармойиши билан “Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти” дея қайта номланган. Бугунги кунда Институт фаолияти соҳасига инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантириш, миллий қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, норматив-ҳуқуқий тартибга солиш жараёнлари таъсирини баҳолаб бориш вазифалари киради. Шунингдек, Институт давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билими, кўникма ва тажрибасини ошириш, мамлакатда ижтимоий-сиёсий тафаккур ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалаларига ҳам масъул ҳисобланади. Ушбу йўналишларда Институт томонидан 2023 йилда 61 та ҳуқуқий-норматив лойиҳалар экспертизадан ўтказилган, 41 та тренинг ва 27 та тақдимот ташкил қилинган, 1120 нафар ходимлар ўқитилган, 5 та китоб ва 17 та мақола чоп этилган.
Учрашувда Институтда янги ташкил этилган “Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари виртуал кутубхонаси”, “Ҳуқуқшунос олимларнинг ягона маълумотлар базаси”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича рақамли ресурслар харитаси”, “Амалиёт билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш (PASS) платформаси” ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув доирасида Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум, шунингдек, Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандумлар имзоланди.
Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва келгусидаги истиқболли режалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар ва халқаро анжуманлар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Мулоқот чоғида сўнгги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари юқори босқичга кўтарилгани, турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали ҳамкорлик ўрнатилгани алоҳида таъкидланди.
Вакил Озарбайжоннинг Омбудсман тўғрисидаги конституциявий қонунига киритилган ўзгартиришлар ҳақида гапириб, унинг ваколатлари ногиронлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камситишларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда кенгайтирилганини таъкидлади. Омбудсман, шунингдек, қийноқларнинг олдини олиш миллий превентив механизми фаолиятини муҳокама қилиб, кузатув ташрифлари жараёнида озодликдан маҳрум бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга бўлган муомала ҳамда тегишли шароитларни ўрганиш учун мониторинг ўтказилиши тўғрисида ахборот берди.
Делегация аъзолари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тўғрисида алоҳида модда мавжудлиги, парламент томонидан “Болалар омбудсмани” тўғрисида қонун қабул қилингани, ҳозирда эса Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисида янги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича тажрибаси ҳакида, жумладан Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий таълим дастури ижроси тўғрисида ахборот берилди.
Мулоқотда томонларни қизиқтирган бошқа қатор масалалар, жумладан, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, Озарбайжон Омбудсмани ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти томонидан “Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик: Озарбайжон ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги экани таъкидланиб, мамлакатларимизни дин, маънавий қадриятлар муштараклиги, анъаналар, тил ва маданият ўхшашлиги боғлаб туриши эътироф этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари ўз маърузаларида тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ижроси ҳақида хабардор қилди.
Икки томонлама учрашувлар ва давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Давлат ва ҳуқуқ институти, Тараққиёт стратегияси маркази томонидан чоп этилган адабиётлар ва маълумотномалар кенг тарқатилди.
Ўзбекистон делегацияси ташрифи Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ва Омбудсманнинг расмий веб-сайтлари, шунингдек электрон оммавий ахборот воситаларида (redaktor.az, azadmedia.az, turknewsgazetesi.com, ozbekistangazetesi.com, ortaasyagazetesi.com, qht.az) кенг ёритилди.
- Қўшилди: 06.08.2024
- Кўришлар: 1267
- Чоп этиш