Боку шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик: Озарбайжон ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда соҳа мутахассислари ва Ўзбекистондан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар вакилларидан иборат делегация ҳам иштирок этди.
Тадбирда Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги экани таъкидланиб, мамлакатларимизнинг дин, маънавий қадриятлар муштараклиги, анъаналар, тил ва маданият ўхшашлиги боғлаб туриши эътироф этилди. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида ҳамкорлик ривожланаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари ўз маърузаларида тадбир иштирокчиларини мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия, Барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадлар ижроси ҳақида хабардор қилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари бўйича амалий ташриф доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Озарбайжон Президенти Администрацияси қошидаги Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
Озарбайжон Президенти Администрацияси қошидаги Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти бошқаруви раиси Магомед Гулузаде мазкур институт фаолияти билан яқиндан таништирди ва амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Мазкур тузилманинг асосий вазифалари қонун ҳужжатлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, фуқаролар учун ҳуқуқий онгни ошириш мақсадида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, ҳуқуқнинг турли соҳаларида, шу жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида илмий тадқиқот усулларидан фойдаланган ҳолда фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий-амалий тавсиялар тайёрлашни ташкил этишдан иборат.
Учрашувда институтда янги ташкил этилган “Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари виртуал кутубхонаси”, “Ҳуқуқшунос олимларнинг ягона маълумотлар базаси”, “Инсон ҳуқуқлари бўйича рақамли ресурслар харитаси”, “Амалиёт билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш (PASS) платформаси” ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув доирасида Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум, шунингдек, Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ва Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиева билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари ва келгусидаги истиқболли режалар, ҳамкорликда амалга ошириладиган тадбирлар ва халқаро анжуманлар ҳақида фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида кейинги йилларда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари юқори босқичга кўтарилгани, турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида самарали ҳамкорлик ўрнатилгани алоҳида таъкидланди.
Икки томонлама учрашувлар ва давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Давлат ва ҳуқуқ институти, Тараққиёт стратегияси маркази томонидан чоп этилган адабиётлар ва маълумотномалар тарқатилди.
Ўзбекистон делегацияси ташрифи Озарбайжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамда Омбудсманнинг расмий веб-сайтлари, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.08.2024
- Кўришлар: 1223
- Чоп этиш