Жорий йилнинг 7 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда «Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Маълумки, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 11-моддаси “Таҳдидли ва фавқулодда гуманитар вазиятлар”га бағишланган бўлиб, унда иштирок этувчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларни таҳдидли вазиятларда, фавқулодда гуманитар вазиятлар ва табиий офатлар пайтида ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, тадбир мақсади ҳам – пандемия ёки бошқа фавқулодда вазиятлар даврида ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ҳаракати чекланган шахсларнинг яшаш ва соғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан муҳокамалар олиб бориш сифатида қилиб белгиланди.
Давра суҳбатида давлат органлари ходимлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга фавқулодда вазиятларда ёрдам беришга мўлжалланган хорижий давлатларда ишлаб чиқилган энг янги жиҳозлар билан танишиш имконига эга бўлдилар.
Бундан ташқари, Республика тезкор хизмати томонидан олий ўқув юртларида фавқулодда вазиятларда фуқаролар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши бўйича дарс машғулотлари ўтказилаётганлиги таъкидланди.
Ушбу муҳокамалар фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Тадбир якунида иштирокчилар мазкур соҳада ҳамкорликни давом эттириш ва ташаббусни янада ривожлантиришга умид билдирдилар.
- Қўшилди: 08.08.2024
- Кўришлар: 1283
- Чоп этиш