Сенатнинг 55-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Муҳокама жараёнида таъкидланганидек, кейинги йилларда вояга етмаган болаларни қонунга хилоф диний таълим олишга айнан ота-оналарнинг ўзи олиб бориши ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасига кўра 2021-2023 йиллар мобайнида ноқонуний диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ 2 457 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Уларнинг 1 479 таси “ҳужра” шароитида ташкил этилган бўлиб, уларда таҳсил олаётганларнинг 60 фоизини вояга етмаганлар ташкил этган.
Боланинг қонунга хилоф диний фаолият билан шуғулланувчи ҳеч қандай рўйхатдан ўтмаган, норасмий марказлар ва шахслардан диний таълим олиши натижасида уларнинг диний экстремистик ғояларининг қурбонига айланиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Сўнгги 3 йилда диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилган вояга етмаган шахслар сони 4 бараварга ошган.
Қолаверса, бундай ноқонуний таълим жараёнида болаларга нисбатан турли оғир жиноятлар содир этилмоқда. Боланинг эркин ҳаракатланишини чеклаш ҳамда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайдиган бино ва хоналарда сақлаш, унга жисмоний азоб бериш ёки руҳий босим ўтказиш ҳолатларини, ҳатто жинсий зўравонлик қурбони бўлаётганлигини бунга яққол мисоллар сифатида келтириб ўтиш мумкин.
Мамлакатимизда диний таълим масаласи амалдаги қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ва ундан олдинги қонунларда диний профессионал таълимнинг ҳуқуқий асослари қатъий белгиланган. Хусусий тартибда диний таълим билан шуғулланиш қонунга хилоф ҳисобланади.
Муҳокама этилаётган қонун юқорида қайд этилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, ота-оналар ҳамда уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларни ўқитиш, таълим ва тарбия беришга доир мажбуриятларини бажариш борасидаги масъулиятини кучайтириш, шунингдек болаларнинг билим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилганлиги алоҳида таъкидланди.
Мазкур Қонун билан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб қилишга йўл қўймаслик, шунингдек ушбу қонунчилик талабига риоя этмаганлиги учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Шу билан бирга Қонунда ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ўз болаларини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқи аниқ баён қилинмоқда. Мазкур норма Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 18-моддасида белгиланган қоидалар асосида киритиляпти.
Қонунда мазкур жараёнларда ота-онанинг масъулияти ва жавобгарлиги янада кучайтирилмоқда. Чунки ёш бола ўзи ноқонуний ҳужрага бориб қолмайди ва айнан мана шу жиҳат қонунда тартибга солинган.
Қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, турли оғир жиноятлар ва диний экстремистик ғоялар қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилиши сенаторлар томонидан таъкидланди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 16.08.2024
- Кўришлар: 1024
- Чоп этиш