Куни кеча Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов, вазир ўринбосари Даврон Адилов ҳамда бошқа бир қатор мутасаддилар БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Ражгопал Балакришнан бошчилигидаги делегация билан учрашдилар.
Учрашувда шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчи Тейссен Гуннар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё бўйича минтақавий бюросининг Ўзбекистондаги Миллий дастур координатори Илдар Файзуллин ҳам иштирок этдилар.
Ражгопал Балакришнан мамлакатимизда уй-жой сиёсати, унга бўлган талаб ва таклиф кўрсаткичлари, нархга таъсир этувчи омиллар хусусидаги масалаларга қизиқди. Ўз ўрнида Д.Адилов мамлакатимизда қурилиш соҳасидаги бир қатор ислоҳотлар, маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар фаолиятига берилаётган кўмак ҳамда уй-жой нархини барқарор ушлаб туриш мақсадида қатор импорт қилинадиган қурилиш материалларига давлат томонидан божларнинг олиб ташланганлиги юзасидан маълумотлар берди.
Учрашув давомида шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламини уй-жой билан таъминлаш, маҳаллий давлат бошқаруви органлари бюджети ҳисобидан ҳар йили 1 000 та уй-жой харид қилиниши ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бепул ижарага берилаётганлиги тушунтириб ўтилди.
- Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадри ва халқ манфаати ҳар нарсадан устун, тамойили илгари сурилмоқда. Қай соҳа бўлмасин, ҳар бир ислоҳот энг аввало юртдошларимизнинг фаровон турмуши учун хизмат қилмоқда. Бу йўлдаги вазифаларимиз, мақсадларимиз ҳали жуда кўп, - деди вазир ўринбосари Д.Адилов.
Ўзбекистон Республикаси
Қурилиш ва уй-жой
коммунал хўжалиги вазирлиги
- Қўшилди: 21.08.2024
- Кўришлар: 920
- Чоп этиш