Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, бир гуруҳ депутатлар ва сенаторлар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришанан Раджагопал бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос тажриба шакллангани, янги таҳрирдаги Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ошгани, жумладан, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгилангани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеясида қатор резолюциялар қабул қилинишида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, 2024 йил бошидан буён Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг 5 та резолюцияси қабул қилинди.
Самимий руҳда кечган учрашувда депутатлар томонидан делегация аъзоларига мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Шунингдек, аҳолининг уй-жой масалалари ва шаҳарсозлик бўйича қарорлар қабул қилинишида иштироки, иқлим инқирозининг уй-жой ҳуқуқига бўлган таъсири ва унинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Ўз навбатида, Б. Раджагопал Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича қилинган ишларни эътироф этиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, соҳадаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
- Қўшилди: 23.08.2024
- Кўришлар: 981
- Чоп этиш