Шу кунларда мамлакатимизда улуғ ва қадрли байрам – Истиқлол шодиёнасига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Айём шукуҳига ҳамоҳанг тарзда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали таҳририяти ҳам Мустақиллик байрамига муносиб совға ҳозирлади – журналнинг навбатдаги сони нашр этилди.
Унинг дастлабки саҳифалари “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги” рукнида берилган мақолалар билан бошланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг “Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги Марказий Осиё” номли мақоласида Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви тафсилотлари муфассал таҳлил қилинган. Шунингдек, мамлакатимизнинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар ҳамда Янги Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасини тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари шарҳланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон сиёсий майдонидаги ўрни ва нуфузи юксалиб бораётган янги Марказий Осиёнинг бош меъмори экани эътироф этилган.
“Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири Сирожиддин Рауфнинг “Мустақиллик берган имкониятлар” номли мақоласида эса истиқлолнинг машаққатли ва шарафли йўлига назар ташлаш асносида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиорининг моҳияти очиб берилган. Мақола сўнгида: “Инсон онги-тафаккури ҳар хил майда-чуйда ўй-хаёллардан, нафс қутқусидан озод бўлмас экан, кўксига чинакам истиқлол шамоли тегмайди. Айниқса, бугунги қалқиб турган дунёда ҳар бир юртдошимиз Ватан мустақиллиги бизлар учун ер ости, ер усти бойликларимиздан-да азиз, бебаҳо гавҳар эканини англаб, уни кўз қорачиғидай асраб-авайлашлари шарт,” – дея хулоса чиқарилган.
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу сонида жорий йилнинг 13-14 июнь кунлари бўлиб ўтган “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми тафсилотларини ёритишга ҳам алоҳида аҳамият берилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи анъанавий Самарқанд форуми иштирокчиларига мурожаати ўзбек, инглиз ва рус тилларида тақдим этилган.
Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик Aкмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси бош котиби Меҳмет Суреййа Эр ва бошқа таниқли экспертларнинг Самарқанд форумидаги нутқлари журналда ёритилган.
Жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида бугунги кунда юзага келган экологик муаммолардан кўз юмиб бўлмаслиги ва уларнинг инсон ҳуқуқларига таъсири ҳақида фикр билдирилиб, “Яшил ривожланиш – келажак авлодлар инсон ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олишлари учун йўналишни тўғрилаш демакдир,” – дея таъкидланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик Aкмал Саидовнинг нутқида Самарқанд форумининг долзарблиги ва аҳамияти, ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, Янги Ўзбекистонда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар батафсил баён этилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилдан бошлаб анъанавий тарзда ҳар икки йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми мунтазам ўтказиб келинаётгани эътироф этилиб, мазкур форумлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилишнинг “Самарқанд анъанаси”ни шакллантиргани таъкидланган.
Шунингдек, ушбу форумнинг якуний ҳужжати – Иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқларини глобал ҳимоя қилиш: барқарор келажак учун мажбуриятлар ва ҳаракатлар тўғрисидаги Самарқанд декларацияси ўзбек, инглиз ва рус тилларида журналхонлар эътиборига ҳавола қилинган.
Журнал саҳифаларидан долзарб мавзулардаги илмий мақолалар ҳам ўрин олган. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Мирзатилло Тиллабаевнинг “Выполнение международных обязательств в области прав человека: опыт Нового Узбекистана” (“Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг ижроси: Янги Ўзбекистон тажрибаси”) номли рус тилидаги мақоласида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилигимиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш натижалари, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари билан ҳамкорлик тажрибаси ёритилган. Бундан ташқари, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмлари таҳлил қилинган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Shaping Foreign Policy Through Human Rights Reforms in Uzbekistan” (“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар орқали ташқи сиёсатни шакллантириш”) номли инглиз тилидаги мақоласида Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини ошириш ва иқтисодий интеграцияни рағбатлантиришга қаратилган стратегик ислоҳотларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фикр юритилган. Ушбу ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг турмуш сифатига катта таъсир кўрсатиши таъкидланган. Эришилган асосий муваффақиятлар сифатида мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилингани, “хабеас корпус” кафолатларининг жорий этилгани, мажбурий меҳнат ҳамда одам савдосига қарши кураш чоралари самарали олиб борилаётгани эътироф этилган.
Шунингдек, А. Саидов, Ғ. Алимовнинг ўзбек тилидаги, С. Шоисломова, Д. Моҳд Авал, С. Персауднинг инглиз тилидаги, К. Султанов, Н. Абдураззоқова, А. Федоров, К. Худжамованинг рус тилидаги илмий мақолалари инсон ҳуқуқлари соҳасининг долзарб масалаларига бағишлангани билан аҳамиятли.
Маълумот учун: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган. Журнал таҳририятининг ижодий жамоаси “Олтин қалам” XVIII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳаётимиз билан боғлиқ долзарб мавзулардаги материаллари учун” номинацияси ғолиби бўлган.
Халқаро идентификация рақами (doi®): 10.34920/p1696-2206-6326-y. Расмий веб-сайти: www.dhrjournal.uz.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 30.08.2024
- Кўришлар: 893
- Чоп этиш