8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни
Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий эътибор қаратилаётган бешта устувор йўналишдан бири ва бирламчиси – сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидланганидек, “Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир”.
Шу сабабли мамлакатимизда мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича катта дастур қабул қилинди. Мактабларда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фарзандларимизга чет тилларидан сифатли таълим бериш мақсадида хорижий тил эгалари олиб келинмоқда. Мактаб ўқувчилари жаҳондаги илғор тажрибалар асосида тайёрланган замонавий дарсликлар билан таъминланмоқда.
Сўнгги йилларда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг меҳнат шароитлари яхшиланиб, малакаси изчил оширилмоқда. Бу ишларнинг барчаси “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида амалга оширилмоқда.
Жорий 2024-2025 ўқув йилида 10 мингдан ортиқ мактабга 700 мингга яқин ўғил-қиз 1-синфга қабул қилинди. Мамлакатимизда қизғин нишонланган 1 сентябрь – Билимлар куни 8 сентябрь – Халқаро саводхонлик кунига уланиб кетди. Бинобарин, саводхонлик – тинч-осойишта ва баркамол, барқарор ва тараққийпарвар ҳаёт гаровидир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган ушбу муҳим халқаро сана ЮНЕСКО томонидан 1966 йили жорий этилган. Бу санани дунё миқёсида байрам қилишдан кўзланган асосий мақсад – инсониятнинг саводхонлик даражасини ошириш ва айни соҳада жаҳон ҳамжамиятининг фаоллигини мунтазам кучайтириб боришдир.
Буюк цивилизацияларга асос солган илғор халқлар, шу жумладан, иккита Ренессанснинг бошида турган халқимиз учун саводхонлик мезони неча минг йиллик тарихга эга. Улуғ шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асарларида “савод” сўзи ўндан ортиқ маънода қўллангани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Навоий ҳазратларининг “Садди Искандарий” достонида шундай мисра бор:
Узуб ҳикмат авроқини тундбод,
Кутуб учтию элга қолди савод.
Бу ўринда “савод” сўзи қоралама, яъни ёзувнинг биринчи нусхаси, деган маънони англатади. Ўз навбатида, “Фарҳод ва Ширин” достонидаги:
Учунчи ой равон бўлди саводи,
Бурунғи йилда Қуръон бўлди ёди, –
мисраларида “савод” сўзи – ёзув-чизувни ўрганиб олганлик ҳолатидан дарак бериб келмоқда.
Бугунги кунда ҳам луғатимиздаги савод, саводхонлик, саводлилик сўзлари шундай маъноларга жуда яқин тушунчаларни ифодалайди. Хусусан, саводхонлик:
биринчидан, аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бўлиб, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмаси – хат-саводлиликни билдиради;
иккинчидан, одамнинг адабий тил меъёрларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакалари борлигини англатади;
учинчидан, муайян соҳа бўйича етарли билимга эгаликни ифодалайди.
Халқимиз нафақат билимли ва маълумотли, балки кўп ўқиган, мустақил фикрловчи инсонларга ҳам саводли дея баҳо беради. Зеро, савод – билим, тушунча ва тажрибадир.
Шу билан бирга, саводхонликнинг зидди бўлган “саводсизлик” сўзи саводнинг йўқлигини англатиш учун қўлланади. Саводсиз, одатда, ўқиш-ёзишни билмайди. Саводсизлик – етарли билим ва маълумотнинг мавжуд эмаслигидир.
Халқаро саводхонлик куни дунё миқёсида нишонланиши бежиз эмас. Чунки саводхонлик – инсон учун том маънода байрам. Бугунги инсонлар замонавий ҳаётнинг ҳар бир соҳаси бўйича муайян даражада саводи борлиги учун бахтиёр, тўкис ва фаровон яшайдилар.
Афсуски, сайёрамизда саводсизлиги туфайли бундай бахтдан мосуво инсонлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Нега деганда, ер юзида ҳали оддий ўқиш-ёзишни билмайдиган миллионлаб одамлар бор.
Айрим мамлакатларда биргина болакайнинг бошланғич таълим олиши учун бутун бошли оила маблағ жамғаришига тўғри келади. Баъзи мамлакатларда хотин-қизларнинг хат-саводли бўлиши шарт эмас, деган алмисоқдан қолган тушунча ҳали ҳам кучда.
Қаердадир мактаблар етишмайди. Яна қаердадир урушларнинг тинмаётгани мактаблардаги ўқиш-ўқитиш имкониятларини чиппакка чиқармоқда.
Халқаро ҳамжамиятнинг бу борадаги узоқ йиллик изчил саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳозирги вақтда дунё миқёсида 773 миллион нафардан зиёд инсон ҳатто бошланғич хат-саводга эга эмас. Бу рақам саводсизлик муаммосининг ҳалигача долзарблигидан далолатдир.
БМТ маълумотларига қараганда, коронавирус пандемияси туфайли мактабларнинг ёпилиши муносабати билан сайёрамиздаги жами ўқувчиларнинг 62,3 фоизи, яъни 1 миллиард нафардан кўпроғи дарсларга қатнашида узилишлар юз берган. Энг ёмони, пандемия инқирози таълим олиш ва саводхонликни ошириш соҳасида шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизликни янада кучайтирган.
Сайёрамизнинг аксарият таълим тизимларида пандемиягача ҳам ўқувчиларнинг зарур шароитлар билан таъминланмагани оқибатида неча юз миллионлаб болалар мактабга борган бўлса-да, ўқиш ҳамда математика фанлари бўйича бўйича энг оддий билимларни ўрганиш имконига эга бўлмаган. Сўнгги таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда дунёдаги 10 ёшли барча болаларнинг учдан икки қисми мутлақо ўқишни билмайди.
Шунинг учун ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар, хусусий сектор, фуқаролик жамияти ҳамда таълим-маърифат муассасалари вакиллари ҳар йили Халқаро саводхонлик кунини нишонлашда фаол иштирок этади. Инсоният саводхонлигини юксалтириш ишига улуғвор ҳисса қўшган шахслар халқаро мукофотлар билан тақдирланади.
Шу маънода, мамлакатимизда таълим ва тарбияга устувор вазифа сифатида ёндашилаётгани таҳсинга сазовор. Зеро, кейинги етти йил ичида миллий таълим тизимининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлашга қаратилган мустаҳкам занжир яратилди. Ўзбекистонда биргина 2023/2024-ўқув йилида 414 мингдан ортиқ 11-синф ўқувчиси мактабни тамомлагани буни яққол тасдиқлаб турибди.
Янада муҳими, Ўзбекистонни йирик таълим марказига айлантириш мақсадида юртимизда дунёдаги нуфузли олийгоҳларнинг филиаллари очилмоқда. Етакчи хорижий университетларда таҳсил олиб, тажриба орттириб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга бел боғлаган ёшларимизга “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали қулай имкониятлар яратилмоқда.
Айниқса, хотин-қизларнинг билим олишлари, касб эгаллашларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовор. Зеро, улуғларимиз таъбири билан айтганда, ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади; қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!
Президентимиз таъкидлаганидек, “Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 05.09.2024
- Кўришлар: 958
- Чоп этиш