ПЕКИН, 13 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Хитой Давлат кенгашининг Ижтимоий тараққиёт маркази қошидаги Евроосиё ижтимоий тараққиётини тадқиқ қилиш институтида жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Хитойнинг етакчи таҳлил марказлари, жумладан, ХХР Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хитой замонавий халқаро муносабатлар академияси мутахассислари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабаев ўз нутқида, иштирокчиларни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида бўлиб ўтадиган парламент сайловининг янги ҳуқуқий жиҳатлари билан таништирди.
Евроосиё ижтимоий тараққиётини тадқиқ қилиш институти директори Ли Юньцюань ўз чиқишида, Ўзбекистон кўп асрлик давлатчилик тарихи, бой маданияти ва улкан цивилизация меросига эга бўлган ноёб мамлакат эканлигини таъкидлади. "Бугунги Ўзбекистон жадал ривожланаётган, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган "2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси" стратегияси доирасида ўз тараққиёт йўлидан дадил одимлаётган давлатдир", – деди у.
Евроосиё ижтимоий тараққиётини тадқиқ қилиш институти директорининг айтишича, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари 2024 йилда мамлакат ички сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлади. Сайловлар кенг кўламли иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни уйғунлик билан амалга ошираётган Ўзбекистонни стратегик ривожлантиришнинг кейинги истиқболларида ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, айни пайтда янги Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар Хитойда ўтган асрда Дэн Сяопин бошлаган ислоҳотларга ўхшайди.
Ли Юньцюань таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз тараққиётида улкан натижаларга эришди. Шу қисқа вақт ичида ўзбек жамиятининг ўзи ҳам ўзгарди, мамлакат аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти сифати сезиларли даражада яхшиланди, демак, жамоатчилик талаблари ҳам ўзгармоқда.
Шу маънода мамлакат фуқаролари энг муносиб номзодлар учун ўз овозларини берадиган, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни давом эттиришнинг муҳим босқичи ва асосий омилига айланади.
Евроосиё ижтимоий тараққиётини тадқиқ қилиш институти директори ўринбосари Сюй Тао Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови мамлакатимизнинг янгиланган Конституцияси асосида ўтказилаётганини алоҳида таъкидлади. "Бу нафақат Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, балки мамлакатни янада ривожлантириш, ўзбек халқи фаровонлигини юксалтиришда ҳам ғоят муҳим воқеадир.
Сайлов жараёни мутлақо янги – аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади. Бўлажак сайловда иштирок этиш учун кўрсатилган хотин-қизларнинг улушини 40 фоиздан ошириш орқали уларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги ўрнини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда", деди у.
ХХР ТИВ ҳузуридаги Хитой замонавий халқаро муносабатлар академиясининг етакчи эксперти Чэнь Юйжун ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик фаол ривожланаётганини юқори баҳолади. "Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил январь ойида Хитойга буюрган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга. Ташриф якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилди", деди эксперти Чэнь Юйжун.
- Қўшилди: 16.09.2024
- Кўришлар: 1142
- Чоп этиш