Андижонда хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказилди

18-19 сентябрь кунлари Андижон вилоятининг Жалақудуқ тумани ҳудудидаги “Янгичек”, “Туялас” ва “Ўроқчитепа” маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш, оиладаги маиший зўравонликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли мониторинг ўтказилди.

Ушбу мониторинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури ва давлат раҳбарининг ўтган йил 12 майдаги "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги фармонига асосан ташкил этилди. Тадбир доирасида юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, уларнинг маиший зўравонликка қарши курашда ҳуқуқий ҳимоя ва ёрдам олиш имкониятларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.

Мониторинг тадбири хотин-қизларнинг жамият ва оиладаги ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасидаги долзарб масалаларни ўрганишга йўналтирилганини таъкидлаш лозим. Бундан мақсад хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига қарши курашишда халқаро нормаларга асосланган – Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) қоидаларининг бажарилиши устидан назоратни кучайтиришдир.

Бу борадаги муҳим вазифаларидан бири хотин-қизларга нисбатан маиший зўравонлик, жинсий тенглик ва уларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари борасида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ушбу муаммоларни бартараф этиш учун таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Мониторинг доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ҳамкорликда кенг қамровли сўровлар ва тадқиқотлар ўтказди. Тадбирда асосан оилада маиший зўравонликка учраётган ёки ҳуқуқлари чекланган хотин-қизларнинг ҳаёти ва муаммолари ўрганилди.

 Шунингдек, жойларда хотин-қизларга нисбатан дискриминация ҳолатларини ўрганиш ва уларни ҳимоя қилишда мавжуд тизимнинг самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун: Хотин-қизларни камситишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (CEDAW) — БМТ Бош Ассамблеяси 1979 йилда қабул қилган халқаро шартномадир. Мазкур Конвенция  Ўзбекистон томонидан 1995 йилда ратификация қилинган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech