Москва шаҳрида БРИКСга аъзо мамлакатларнинг IX юридик форуми бўлиб ўтмоқда. Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети) биносида 19 сентябрь куни бошланган бу галги анъанавий тадбир “Адолатли дунёни қўриқловчи қонун” мавзусига бағишланган.
Ушбу халқаро анжуман доирасида биринчи марта “Кўп қутбли дунёда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш” мавзусида ялпи сессия ташкил этилди, дейилади Россия Омбудсмани сайти хабарида. Сессияга Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалкова модераторлик қилди.
Т.Москалкова ўз кириш сўзида БРИКСга аъзо мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари турли мақомларга эгалиги, улар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, ваколатлари ва ишлаш механизмлари ҳақида атрофлича фикр юритди. Айниқса, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар томонидан тўпланган катта амалий тажрибани ўрганиш ва ўзаро алмашиш аҳамиятли экани таъкидланди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди. Ўзбекистон вакили халқаро ҳамкорликни кучайтириш заруратидан келиб чиқиб бир қатор аниқ таклифлар киритди. Хусусан, БРИКСга аъзо давлатлар инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари уюшмасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Сессияда видеоалоқа орқали Бразилия, Жанубий Африка, Эфиопия, Эрон ва Россиянинг Омбудсманлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари, шунингдек, БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза берган Туркия Республикаси Омбудсмани иштирок этди. Тадбирда Россиянинг федерал давлат органлари вакиллари, МГИМО тадқиқотчилари, Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзолари, Россиянинг илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, минтақавий давлат органлари вакиллари ҳам қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.09.2024
- Кўришлар: 889
- Чоп этиш