20-21 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Наманган вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенциясининг 40 йиллигига бағишланди.
Ўқув курси Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Наманган вилояти прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 51 нафар ходим ҳамда Наманган вилоят судининг 5 нафар судьяси тингловчи сифатида иштирок этди.
Ўқув машғулотларини очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов иштирокчиларни видеомурожаат орқали қутлади.
Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан доимий равишда ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.
Ўқув курси дастурига мувофиқ “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Фарҳод Ҳайитбоев, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчилик ривожланиши” мавзусида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзусида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлар” кафедраси ўқитувчиси Жасур Ҳамраев, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусида Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодиров тақдимот ва интерактив машғулотлар ўтказди.
Ўқув курсининг иккинчи куни “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида Ички ишлар вазирлиги Академияси Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Матчанов ҳамда “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари” мавзусида ИИВ Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси ўқитувчиси Жасур Ҳамраевнинг тақдимот-маърузалари тингланди.
Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида ички ишлар, прокуратура ҳамда суд тизимларида фаолият юритувчи 66 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Тадбир якунида тест синовларидан ўтган барча тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.09.2024
- Кўришлар: 773
- Чоп этиш