Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Р.М.Кастижио ўртасидаги учрашувда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот шу йил 23 сентябрь куни Миллий марказда бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари ва бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилди.
Томонлар мамлакатимизда болаларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида келгусида соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳимлиги ҳақида якдил фикр билдирдилар. Хусусан, А.Саидов Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларини Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган даражада қатъий ҳимоя қилишга содиқлигини таъкидлади.
Учрашувда “Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар учун жазо турларини алмаштириш ва озодликдан маҳрум қилиш жазосига муқобил чораларни қўллаш” мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик кўришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 18 ноябрь кунига белгиланган ушбу форумда ЮНИСЕФнинг болалар одил судлови бўйича халқаро эксперти Рената Винтер иштирок этиши кутилмоқда.
Муҳокама чоғида ЮНИСЕФ кўмагида конференцияга халқаро экспертларни, шунингдек, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги етакчи миллий экспертларни фаол жалб этишга қарор қилинди.
Мазкур конференция вояга етмаганларга нисбатан жиноят қонунчилигини инсонпарварлаштириш, уларнинг ижтимоий реабилитацияси ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашиш бўйича самарали чора-тадбирлар тизимини яратишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 859
- Чоп этиш