1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Халқ таълими аълочиси, журналист, шоир ва таржимон Ғулом Мирзо билан суҳбат
– Ғулом ака, устоз ва муаллимлар ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, ўша машҳур мақол эсга тушади: “Устоз – отангдек улуғ”. Шу иборанинг сал бошқачароқ шакли ҳам бор эканми?
– Аслида, болалик йилларимизда биз каби тенгқурларнинг онгу шуурига ушбу ибора “Устоз – отангдан улуғ” деган тарзда ўрнашиб қолган. Назаримда, шу мазмунда айтилгани маъқулдек.
– Бу фикрингизни қандай изоҳлаб бера оласиз?
– Аввало, айни иборанинг маъно-мазмуни билан боғлиқ мантиқий изоҳга тўхталайлик. Бу ҳаёти дунёда ота ўз фарзандининг униб-ўсиши ва камол топиши учун ҳамма нарсага тайёр. Чунки фарзанд – отанинг зурриёди, яъни қондош боласи, авлодларининг давомчиси, бетоблигида лабига сув томизгувчи, вафот этганида эса ҳамиша хотирлаб ва уйидаги чироғини ёқиб тургувчи энг яқин жигаргўшасидир.
Албатта, устоз ҳам шогирди ўсиб-улғайиши ва илм-фан, касб-ҳунар, мансаб-мартаба поғоналаридан юксалиши учун ўзи тўплаган билим ва тажриба, кўникма ва маҳорат, вақт ва соғлик – борингки, ҳеч нарсасини аямайди. Бироқ, шогирд – устознинг зурриёди эмас. Бу, биринчидан.
Иккинчидан, устознинг сабоқ бериши замирида, ҳар ҳолда, ўз шогирди унга бу ҳаётда фарзандидек меҳрибонлик қилишидан бевосита умидворлик ётмайди. Қисқаси, ўз шогирдларига айнан оталардек меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатар экан, бунда устозлар асосан холис, беғараз ва бетаъма иш тутади. Шунинг учун ҳам “Устоз – отангдан улуғ” дейилгани бежиз эмас.
– Бу иборанинг яна бошқача талқини борми?
– Албатта, ушбу мақолни шаклидан келиб чиқиб ҳам изоҳласа бўлади. Мақолнинг Сиз келтирган шаклида “отангдек” сўзи, эътибор беринг, бошқа шаклда “отангдан” деган тарзда қўлланган. Қайси бири тўғри, деб анчадан буён кўпчиликнинг боши қотади.
Гап шундаки, мақолнинг биринчи шакли тарафдорлари, одатда, инсон ҳаётида отанинг мақоми устозлар мақомига нисбатан юқорилиги учун “Устоз – отангдек улуғ” тарзида қўлланиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар. Содда қилиб айтганда, мақолнинг айнан шу шакли қўлланганда устознинг мақоми юксалади, отанинг мақоми эса пасаймайди, деган қараш бор бу ерда.
Мақолнинг иккинчи шакли тарафдорлари фикрича эса, “Устоз – отангдан улуғ” деган ибора ўз мазмунига кўра, бир томондан, шундай бегидир устозларни улуғлашга чорласа, иккинчи томондан, оталарнинг улуғлиги ҳар қандай шубҳадан холилигини таъкидлайди. Чунки, моҳиятан олиб қараганда, устоз ва отанинг қадри бирдек улуғланмоқда. Ўзбек тилининг жумла тузиш қоидаси тақозоси бу.
Келинг мисол келтирамиз. Масалан, агар мен “Ғурурим – тоғдан баланд”, десам, бу ибора бўй-басти икки метрга етмайдиган инсоннинг ғурури неча минг метрлик тоғдан кўра баландлаб кетибди, деган маънони бермайди-ку? Аксинча, “ғурур” туйғусига тоғларга хос бўлган виқор ва буюклик маҳобати бахш этилади.
Атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг бир шеърида “Келажак сизникидир, ишончим тоғдан баланд”, деган мисра бор. Ижодкор шеърий санъатнинг муболаға усулини қўллаган ҳолда, ўз ишончини тоғлардан ҳам баланд деб таърифлаган. Бунда, шубҳасиз, ишончнинг пурвиқорлиги таъкидланган, лекин пурвиқор тоғлар “пасайтириб” қўйилмаган, асло.
– Замон ва муаллим мавзусида қандай фикр-мулоҳазалар билдиришингиз мумкин?
– Яқинда "Шарқ ҳикоят ва ривоятлари" китобида шу мавзуга ҳамоҳанг бир ривоят ўқидим. Қисқалиги учун уни тўлиқ келтираман:
“Мирзо Улуғбекдан сўрадилар:
– Сиз нега сиёсатни қўйиб, илм билан машғул бўлдингиз?
Мирзо жавоб бердиларки:
– Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар мен бобомнинг тиззасида ўтирар эдим, шу пайт ҳузурига бир киши кирди, бобом шошиб унинг истиқболига ўрнидан турди – мен тиззасидан тушиб кетдим. Кейин билсам, у зот олим экан, бобомнинг пири комили экан. Илмнинг обрў-нуфузини мен ана ўшанда кўрдим”.
Ушбу ихчамгина ривоят авваламбор Амир Темур бобомизга нисбатан гўёки “саводсиз бўлган, китоб ўқимаган, устоз кўрмаган, илмни қадрламаган” қабилидаги бўҳтонларни инкор этиши билан эътиборлидир. Янада муҳими, олиму фозилларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйганлиги улуғ Соҳибқирон аждодимиз ҳам ўз устозу муаллимларидан яхши таълим-тарбия олганлигини кўрсатади.
Ўз навбатида, ана шу буюк бобокалонимиз асос солган Темурийлар даври Ренессанси бутун дунё илм-фани ва маърифати равнақига нечоғлик салмоқли ҳисса қўшганлигини бир чамалаб боқинг!
– Яқин тарихдан ҳам муаллим мақомини улуғлайдиган шунга ўхшаш мисоллар келтирса бўладими?
– Устозимиз академик Акмал Саидов ўзининг “Ғалаба боғи фалсафаси” номли муҳташам китобида Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар истило қилган Голландияга махсус поездда олиб келинган 101 нафар ўзбек аскарининг асирликдаги аччиқ қисмати ҳақида нидерландиялик машҳур журналист Ремко Рейдинг тадқиқотларига асосланган қизиқарли тарихий маълумотларни қайд этган. Ушбу ҳарбий асирлар Москвага бошланадиган ҳужум олдидан фашист армиясининг руҳини кўтаришга қаратилган "тарғибот фильми"да "жонли ва таъсирчан роль" ўйнаб беришлари керак бўлган.
Фашистларнинг фикрича, "инсон қаторида кўрилмайдиган", лагердаги "шароитлар" туфайли эса одамийлик қиёфасини ҳам йўқотаёзган оч-наҳор ва хастаҳол асирлар ўзаро нон талашиб, кинобоп томоша кўрсатишлари керак эди. Бу, ўз навбатида, Гитлернинг немислар – олий ирқ, бошқа миллатларда эса инсонийликка хос зиғирча ҳам хислат йўқ, деган манфур ғоясини тасдиқлаб берарди.
Аммо ушбу қабиҳ режа амалга ошмаган. Китобнинг айнан ўша жойидан мазкур лавҳаларни келтирамиз:
“Атрофга жимжитлик чўкади. Бир муддатдан кейин асирлардан бири ерда ётган нонни қўлига олиб, уч марта ўпади ва кўзига суртади. Сўнгра нонни кенг даврада чордона қуриб ўтирган ўзбек асирларнинг ёши улуғига – муаллимга олиб боради. Муаллим нонни бўлаклаб, дастлабки ушоғини энг кичик ёшли маҳбусга узатади.
Шу тариқа нон бўлаклари ҳаммага тенг тақсимланади. Муаллим охирги бўлакни ўзига олади. Ўзбек биродарларимиз шошмасдан, ҳовлиқмасдан, одоб сақлаб, бирин-кейин навбат билан ризқланишади. Охирида Худонинг неъмати учун шукроналик фотиҳаси ўқилгач, улар тарқалишади.
Бундай кутилмаган сценарий фашистлар тахмин қилгандек якун топмайди. Оқибатда юртдошларимиз жуда қаттиқ жазоланади. Ўзбек асирларнинг ҳаммасини ўрмонга олиб бориб, отиб ташлашади”.
Кўраяпсизми, ўшанда муаллим, ҳа, айнан муаллим миллатимизнинг матонати ва жасоратини, халқимизнинг меҳрибонлиги ва улуғворлигини амалда баралла намоён этган. Яъни, устоз муаллимлар ҳар қандай разолат ва қабоҳат замонларида ҳам маърифат нурини таратишдан тўхтамайдилар.
– Сизнинг таълим ва таҳсил йилларингиз собиқ шўролар замонига тўғри келган. Ўша мустамлака даврда таълим-тарбия берган устозу муаллимлар ҳақида қандай фикрдасиз?
– Халқимизда шундай мақол бор: “Бир ўзинг доно бўлгунча, кўп билан девона бўл”. Янада аниқ қилиб айтганда, шўролар замонида шўроча сиёсатга зид таълим-тарбия бериш мумкин бўлмаган. Қанчадан-қанча ўқитувчилар ўша замоннинг сиёсатига кўр-кўрона ишонгани, боз устига бошқаларни ҳам бунга ишонтириш учун таълим-тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боргани фактидан кўз юмиб бўлмайди, албатта.
Айни чоғда, “ялтироқ сиёсат” ўрамининг тагидаги “қалтироқ ҳаёт” ҳақиқатларини кўриб-билиб турган ҳақиқий муаллимлар ҳам кам бўлмаган. Айтайлик, 1949 йили ота-бобом ГУЛАГ лагерларига ҳукм қилингач, оиламиз “халқ душманлари” сифатида қандай қийинчиликларга дучор бўлгани ҳақида “Эй, дарвеш” номли қиссамда ёзганман.
Лекин шундай қалтис вазиятга қарамай ота-онамнинг етти фарзандидан беш нафари олий маълумот олишга эришган. Яна денг, икки нафаримиз шўролар замонининг энг мўътабар олий ўқув юртлари – Тошкент давлат ва Самарқанд давлат университетларида таҳсил олганмиз.
Агар ўша замонанинг зайлига учиб, ҳамма ўқитувчи ва муаллимлар “салла деганда, каллани олиб келадиган” тарзда иш тутганида шундай натижа бўлармиди? Йўқ. Аксинча, биз “халқ душманлари”нинг болалари сифатида билимсиз – ҳеч ким бўлиб қолардик.
– Ўз ҳаётингизда учраган фидойи муаллимлардан биронтаси билан боғлиқ хотираларингиз ҳақида сўзлаб бера оласизми?
– Эсимда, 1979 йил 7 сентябрь куни қишлоқ мактабининг 9-синф ўқувчилари сафида пахта-йиғим теримига сафарбар этилгандик. Ўша замонда дарсларни ўзлаштиришда нўноқ ва хулқ-атвори намунали бўлмаган ўғил болалар 8 йиллик ўрта мактаб таълимидан сўнг тумандаги СПТУ, яъни Қишлоқ профессионал-техника билим юртига ўқишга юбориларди.
СПТУда касб-ҳунар эгаллаш ўрнига хулқи бадтар бузилган ўсмирлар, оқибатда, кўчадаги безорилар сафига қўшилган. Шунинг учун аксарият ота-оналар болаларининг ўша номақбул билим юртига юборилишига йўл қўйишмайди. Натижада терим мавсуми бошлангач, СПТУ номидан ниҳоятда кам миқдорда пахта топширилаётгани аён бўлади. Собиқ компартиянинг маҳаллий фаоллари бу муаммони ҳал қилиш учун тезда тумандаги мактаблардан тенгқурларимизни яна мажбуран СПТУга “сафарбар” қила бошлайди.
Ўшанда биз 9Б-синфда етти нафар ўғил ва 11 нафар қиз бола ўқирдик. Йигитларнинг ҳаммасини СПТУга олиб кетадиган бўлишди. Биз эътироз билдирдик, тўғрироғи, “синфком” бўлганим ва синфдошларим илтимос қилганлари учун ҳамманинг номидан мен гапирдим. Ўн йиллик мактабни битириб, олий ўқув юртига кириш, сўнгра етук касб соҳиблари бўлиш орзуларимиз ҳақида ва ҳоказо. Шундан кейин менга, оиламизга тазйиқ бошланди.
Ана шундай қалтис пайтда отам ишлайдиган бригада даласида пахта тераётган шаҳар мактаби 9-синф ўқувчиларининг синф раҳбари Ражаб муаллим Тўйчиев жонимга ора кирганлар. Устоз мени ўз синфига қабул қилиш учун мактаб директори, ҳатто туман халқ таълими бўлими раҳбарияти билан ўзи музокара олиб борган ва масалани ижобий ҳал қилган. Қишлоқ мактабимиз раҳбарияти билан ҳам Ражаб муаллим шундай гаплашганларки, натижада ҳеч қандай муаммо туғилмаган.
Камина пахта йиғим-терими тугаганидан кейин шаҳар мактабига қатнаб, 9-10-синфлар таҳсилини олган. Эътибор беринг: қишлоқдаги мактабим – ҳовлимиздан атиги 150 метр масофада жойлашган бўлса, шаҳардаги мактаб – уйимиздан нақ 15 км олисда эди. Кунига 30 км масофали бориб-келиш йўлни бир йил давомида велосипедда қатнадим, баъзан – ўта ёғин-сочин кунларда муаллимнинг уйида ётиб қолардим. Кейинчалик отам мотоцикл олиб бердилар.
Энг асосийси, муаллимим Ражаб Тўйчиев раҳматлик шарофати билан адолат ва ҳақиқатга садоқат руҳида таълим-тарбия топдим. Айнан ўша олис мактабдаги синфдошларим таҳририятга етаклаб боргач, ўқувчилик йилларимдаёқ туман газетасида шеърларим эълон қилина бошлади.
– Ўша муаллимингиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсилроқ билишни истардик.
– Ражаб ота Тўйчиев 1930 йили туғилиб, 2017 йили 87 ёшда вафот этган. Устоздан 7 фарзанд – 2 ўғил ва 5 қиз қолган. Бутун умр Қашқадарё вилояти, Қарши тумани Бешкент шаҳарчасининг Ойбек номидаги 12-мактабида география фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Биласизми, Ражаб муаллим наинки география ўқитувчиси, айни чоғда, ўз мактаби ва шаҳарчасининг қойилмақом дипломати ҳам эди. Ушбу фикрларимни қадрли муаллимим пахта терими даврида бригада раҳбарияти ва мактаб маъмурияти ўртасида ўзига хос элчилик вазифасини бажарганлиги билан боғлиқ ҳаёт ҳақиқатлари яққол исботлайди.
Бу ҳақда отам раҳматлик сўзлаб бергандилар. Аёнки, шаҳарда туғилиб-ўсган болалар пахта теришда қишлоқ болаларига нисбатан анчайин нўноқ бўлади. Оқибатда талаб этилган мўлжалга ета олмаган шаҳарлик шоввоз йигитлар пахтани ўқариқдаги сувга обдан ҳўллаб ёки унга лой ва тупроқ қўшиб, вазнни ошириш ҳаракатига тушади.
Тарозибон бундай қинғирликни дарҳол пайқайди. Қитмирлар терган ҳосилдан камида 5-7 кг пахта қирқиб, яъни ўчириб ташланади. Ражаб муаллим тарозибонлар билан тортишиб, ҳар гал бу ишга биринчи марта аралашиб қолган ўқувчиларини қутқазиб қолиш пайида бўлади. Бу – Ражаб муаллим Тўйчиев дипломатик ҳимоя йўлининг биринчи босқичи, десам, ишонинг.
Кейинги босқичда муаллим тегишли бригада, керак бўлса, жамоа хўжалиги раҳбарияти билан музокара олиб бориб, терган пахтасига сув ёки кесак қўшилганлиги учун шунга қўл урган ўқувчидан 5 килогача кўрсаткичи ҳисобга олинмагани ўринсизлигини исботлаб беради. Тонггача баҳс-мунозара қилса ҳам, ўқувчиларининг ўша “ўчирилган” килограмларини қайтариб олади ва эҳтиёжманд оилаларнинг терим кўрсаткичи энг кам бўлган фарзандлари ҳисобига ёздиради...
– Устозларга байрам тилакларингизни айтиш дами етди.
– Фурсатдан фойдаланиб, ўзим таълим ва таҳсил олган мактаблар, ҳозирги Миллий Университет, Президент Академиясидаги барча ўқитувчи ва муаллимларимни, ҳаётим йўлларида зарур сабоқларни берибгина қолмай, балки ҳамиша маънан қўллаб-қувватлаган азиз устозларимни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклайман!
Фоний дунёдан боқий дунёга ўтган меҳрибон муаллимларимизнинг охиратлари обод бўлишини Яратгандан тилаб қоламан. Омин.
Саидакмал Мамасолиев суҳбатлашди
- Қўшилди: 30.09.2024
- Кўришлар: 799
- Чоп этиш