7 октябрь — Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни
Мамлакатимизда фуқаролар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ишлаш шароитларини яхшилаш ва адолатли муносабатни таъминлаш масалаларига алоҳида ёндашилмоқда. Бугун, 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат куни (Wоrld Day for Decent Work) ҳар йили дунё бўйлаб меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида нишонланади.
Бу кун 2008 йилдан бошлаб, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади — одамларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, адолатли ва муносиб меҳнатни таъминлашга эътибор қаратишдир.
Ушбу кунда турли тадбирлар, семинарлар ва акциялар ўтказилади, одамларга муносиб меҳнатнинг аҳамияти ҳақида маълумот бериш, ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва глобал миқёсда ижтимоий адолатни таъминлаш учун ҳаракат қилишга чақириш мақсад қилинган.
Сана муносабати билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан корхона ва ташкилотларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Муносиб меҳнат концепциясида белгиланган қуйидаги тамойиллар юзасидан тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, иш ўринларини яратиш ва самарали бандликни, хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш кабилар шулар жумласидандир.
Натижада меҳнат муносабатлари иштирокчиларининг ижтимоий мулоқоти ва ҳамкорлиги кенгаяди.
А.РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 07.10.2024
- Кўришлар: 672
- Чоп этиш