ПЕКИН, 11 октябрь. /"Дунё" АА/. Хитойнинг "Китай" журналида Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидовнинг "Янги Ўзбекистон: демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқлари" сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.
"Замонавий иқтисодий тизим ҳам замонавий демократик тизим каби ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилишни таъминлашга қаратилган, – деб ёзган муаллиф. – Бизга маълумки, дунёда демократик тараққиётнинг ягона йўли йўқ, бу жараён ҳар бир мамлакат шароити ва халқнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилиши ҳамда шаблонли ёндашувдан қочиш керак".
Бир йил муқаддам Ўзбекистон тарихида биринчи марта умумхалқ референдумида мамлакатнинг янгиланган Конституцияси қабул қилинди ва бу Янги Ўзбекистон қурилишининг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Конституциявий ўзгаришларнинг асосий қисми ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлиб, уларни амалга ошириш кафолатларини сезиларли даражада мустаҳкамлади.
"Янгиланган Конституция асосида кўплаб қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, янги қонунлар қабул қилинмоқда. Ўзгартиришлар давлат ҳокимиятини ташкил этиш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи ва бошқа давлат органларини, хусусан, Марказий сайлов комиссиясини шакллантириш тамойилларига ҳам таъсир кўрсатди", – қайд этилган нашрда.
Мақолада Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида БМТнинг "Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик" асосий тамойилига мувофиқ изчил амалга оширилаётгани урғуланган.
Материалда, шунингдек, сайловлар демократия йўлидаги энг муҳим мезонлардан бири эканлиги қайд этилган.
Нашрда таъкидланганидек, 2023 йилда бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Президент сайлови жамиятнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаганини яна бир бор намоён этди.
"Навбатдаги босқич янгиланган Конституция асосида катта ваколатларга эга бўлган парламентга сайловлардир. Конституцияга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси парламент сайловини 27 октябрда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди",– дейилади мақолада.
Журналда, шунингдек, бўлажак сайловлар Ўзбекистон Конституциясида белгиланган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий шароитда ўтаётгани маълум қилинган.
Мақола якунида, "Бўлажак сайловлар Ўзбекистонда демократик давлатчилик намунасидир, улар фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда, давлат органларини миллий қонунчиликка ва халқаро сайлов стандартларига тўла риоя қилган ҳолда шакллантиришда иштирок этишда муҳим аҳамиятга эга", – деб ёзган "Китай" журнали.
- Қўшилди: 11.10.2024
- Кўришлар: 604
- Чоп этиш