Буюк шахсни буюк она тарбиялайди, дейди донишларимиз. Буюк оналарни тарбиялаш эса оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг муҳитига бевосита боғлиқдир. Она ҳурмат топган оилада фарзанд ҳам оқил бўлиб ўсади.
Дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори юртимизда ҳам яна бир умумбашарий байрам – Халқаро қишлоқ аёллари куни нишонланмоқда. Бинобарин, БМТ Бош Ассамблеяси 2007 йил 18 декабрда қабул қилган "Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш тўғрисида"ги резолюцияга мувофиқ, 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.
БМТ мазкур санада қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга чақиради. Бу ўринда, албатта, қишлоқ аёлларининг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари назарда тутилмоқда.
Жаҳон қишлоқ хўжалиги тизимида қишлоқ аёлларининг ўрни беқиёсдир, улар қишлоқда ишчи кучининг муҳим қисмини ташкил этади ва улар қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва унинг хавфсизлигида муҳим ўрин тутади. Шу маънода, Халқаро қишлоқ аёллари кунининг асосий мақсади қишлоқ аёлларининг қимматли меҳнатини эътироф этиш ва уларнинг мавжуд муаммоларига жаҳон ҳамжамиятини эътиборини қаратишдир.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, айни санани нишонлаш ташаббуси илк бор БМТнинг 1995 йилда Пекинда ўтказилган 4-Аёллар анжуманида илгари сурилган. Ҳар йили Халқаро аёллар куни билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлари давомида қишлоқ хўжалигининг ривожланиб бориши, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқларнинг ободлиги ва фаровонлигини оширишда аёлларнинг қўшаётган ҳиссаси ва ўрнига алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу халқаро сана доирасида мамлакатимиз қишлоқларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар ҳамда маданий-маърифий, тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда. Бундай тадбирларда қишлоқларда истиқомат қилувчи хотин-қизлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильмлар намойиш қилиниб, куй-қўшиқлар ижро этилмоқда.
Шунингдек, маҳалла ва хотин-қизлар фаоллари “Аёллар дафтари” рўйхатида турган опа-сингилларимизнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг яшаш шароитини ўрганмоқда. Эҳтиёжманд оилалар ва хотин-қизларга моддий-маънавий кўмак берилмоқда.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бутун дунё мамлакатлари учун долзарб бўлган ташаббусларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан мунтазам илгари суриб келмоқда. Миллий, минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга ушбу ташаббуслар нафақат юртимиз, балки жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш масаласига алоҳида юксак эътибори ҳам шундай муҳим ташаббуслар сирасига киради. Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида эришилган ютуқлар дунё аҳли ибрату намуна олишига муносибдир.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон ва БМТнинг бу борадаги мақсад-муддаолари муштарак. Зеро, гендер тенглик, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларининг асосий тамойилларидан биридир.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъбири билан айтганда, қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда.
Ўз навбатида, Президентимиз Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони БМТ тавсияларига мос даражага етгани, мамлакатимиз парламенти аёл депутатлари сони бўйича дунёдаги 190 та парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилганини ғурур билан таъкидлагани бежиз эмас. Бинобарин, 2024 йилги парламент сайлови якунлари бўйича бу борада янги, янада юқори кўрсаткичга эришилиши кутилмоқда.
Шу кунларда юртимиз фаоллари пахта йиғим-теримида ихтиёрий тарзда қатнашаётган қишлоқ аёлларининг ҳолидан мунтазам хабар олмоқда. Теримчилар учун дастурхон ёзилиб, байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Пешқадамларга совғалар улашилмоқда.
Аслида ҳам, соддадил, самимий, меҳнатсевар ва ғайрат-шижоатга бой қишлоқ аёллари бундай эътибор ва ғамхўрликка ҳамиша муносибдир. Айниқса, бугунги кунда уларнинг фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишларига чалғиб қолмай, серқирра фаолият билан машғул экани, натижада қишлоқ аёллари орасидан ҳам таниқли олима ва шифокорлар, муаллима ва тадбиркорлар етишиб чиқаётгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 15.10.2024
- Кўришлар: 634
- Чоп этиш