Тошкентда ўтказилган “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида экспертлар муҳокамаси қизғин фикр-мунозараларга бой бўлди.
Мазкур тадбир иштирокчиси, Литванинг Туриба университети профессори Раймундас Колесникас Ўзбекистондаги сайлов тизимидаги янгиликларни диққат билан кузатаётганини қайд этди.
– Аввало, мазкур халқаро тадбирда иштирок этаётганимдан хурсандман. Маълумки, ҳар бир ислоҳот ютуқлари сиёсий иродага боғлиқ. Ушбу ҳафталикка таклиф этилган халқаро экспертлар мамлакатингизда ислоҳотлар қандай кечаётгани ва унда илғор тажрибаларнинг татбиқ этилаётганига гувоҳ бўлдик. Очиғини айтиш керак, биз бундан ҳайратдамиз, чунки конституциявий ислоҳот ва сайлов ислоҳотига оид барча жараёнлар халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Ушбу ислоҳотларда учта йўналиш жуда муҳим ҳисобланади. Яъни, ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлиши учун инсон ҳуқуқлари, қонун ва демократик тамойиллар қандай инобатга олинишидир. Албатта, бу жараён учун узоқ муддат зарур бўлади. 10 йилдан кейин эса мамлакат ташлаган қадамлар халқаро миқёсда жуда яхши баҳоланади.
Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро индекс мавжуд. Ушбу индекслар бўйича ҳам Ўзбекистон тезкор амалий ишларни олиб борди. Бу натижалар халқаро ҳамжамият олдида мамлакатнинг ушбу йўналишда жуда яхши ҳаракат қилаётганининг кўрсаткичидир.
Ҳар бир ислоҳотнинг ҳам салбий, ҳам ижобий томонлари бор. Лекин биз мутахассис сифатида бу хатоларга йўл қўймаслик учун ўз тажрибамиз билан ўртоқлашамиз. Бугунги тадбир эса фикримнинг исботидир.
Ўзбекистондаги ислоҳотлар ижобий баҳоланаётганини алоҳида таъкидлашим лозим. Чунки бугунги кундаги очиқлик ва шаффофлик яққол сезилмоқда. Буни биз ҳам ҳис қилдик. Янгиланган Конституцияда баён этилган тамойиллар эса ҳаётга татбиқ этилмоқда, – деди Раймундас Колесникас.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.
- Қўшилди: 18.10.2024
- Кўришлар: 609
- Чоп этиш