21 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида шу мавзуда сайёр ўқув машғулоти ўтказилди. Тадбирда Тошкент давлат юридик университетининг бакалавр босқичида таҳсил олаётган 90 нафар тингловчи иштирок этди.
Тингловчилар Миллий марказнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қимматини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фаолияти ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши ҳолати билан яқиндан таништирилди.
Машғулот давомида инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш ва ҳурмат қилиш миллий қонунчилиқда қандай акс эттирилганлиги ҳақида маълумот берилди. Жумладан, миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган халқаро стандартларни, БМТ устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини қарор топтириш бўйича кенг кўламли ишлар давом этаётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, Миллий марказ фаолияти, миллий маърузаларни тайёрлаш механизмлари, хорижий экспертларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тавсиялари ва прокуратура органлари билан ҳамкорлик тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси томонидан 4 та миллий маъруза БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим қилингани ва 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси бўйича мониторинг ўтказилгани қайд этилди.
Тингловчилар Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари, уларнинг бажарилиши ва миллий маърузалар тайёрлаш бўйича асосий вазифаларни ҳам ўргандилар. Шу тариқа инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассислар иштирокидаги маҳорат дарсида талаба-ёшларга қонунчилик ва ҳуқуқий амалиёт борасида атрофлича билим олиш имкони яратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 22.10.2024
- Кўришлар: 584
- Чоп этиш