Имконияти чекланган сайловчилар учун қандай шароитлар бўлиши керак?

Юртимизда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловларга ҳам саноқли кунлар қолди.

27 октябрь куни ўтказиладиган ушбу сиёсий жараёнларда  ногиронлиги бўлган фуқароларга яратилган шароитлар хусусида Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек ИСҲОҚОВнинг фикрларига қизиқдик.

 – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериши учун барча зарур шароитлар яратилиши шарт эканлиги белгиланган, – дея фикрини бошлайди Ойбек Исҳоқов. – Сайлов участкалари ҳудудини ободонлаштириш, фуқаролар, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш маҳаллий давлат ҳокимияти  органлари зиммасига юклатилган.

– Зарур шароитлар деганда нималар тушунилади?

– 2021 йил май ойида Марказий сайлов комиссияси билан Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унинг асосий мақсади сайлов участкаларида тўсиқсиз муҳит яратиш орқали барча тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлашдан иборат.

Сайлов участкалари барча тоифадаги ногиронлар учун қулайликни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиши муҳим. Сиёсий партиянинг ва депутатликка номзодларнинг босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиши орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжларини инобатга олиши лозим.

Бунда имо-ишора тили, субтитр ёзуви, брайль алифбоси ва, албатта, оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан фойдаланиши керак.

Бундан ташқари, тактил белгилари ҳам муҳим. Бу кириш, ўтиш жойлари ва асосий ҳудудларни кўрсатиш учун лозим.

Сайлов жараёнида аудио гид ҳам муҳим. Аудио маълумот – ҳудудга қандай бориш ва нима қилиш кераклигини тушунтирувчи аудио қўлланма тизимидир.

Тактил элементлари ва кўзи ожизлар учун очиқ овоз бериш тизимига эга кабиналар ҳамда ходимларнинг ёрдами ҳам муҳим. Боиси махсус ўқитилган ходимлар кўзи ожиз сайловчиларга керакли ҳудудларда ёрдам беради ва уларни йўналтира олади.

Кўзи ожизлар қулай форматдаги маълумотларга ҳам эҳтиёж сезади. Бунда сайлов бюллетенлари ва кўрсатмалар аудио ёки катта ҳарфда тақдим этилиши лозим.

– Эшитиш қобилияти бўлмаган ногирон шахслар учун сайлов участкаси нима билан таъминлаш керак?

– Бунда, аввало, муҳим ҳудуд ва маршрутларни кўрсатувчи аниқ кўзга ташланадиган визуал белгилар лозим. Шу билан бирга, овоз бериш жараёнида сайловчиларга кўмаклашувчи сурдо таржимон ёрдами зарур бўлади. 

Шунингдек,видеоларда субтитрлардан фойдаланиш ва кўрсатмалар билан матнли материаллар ҳам лозим саналади. 

Шовқинни минималлаштириш, ахборотни визуал идрок этишни осонлаштириш учун қулай акустик муҳит яратилиши зарур.

– Таянч-ҳаракат тизимида муаммолар бўлган ногиронлар учун сайлов участкасида қандай қулайликлар яратилиши лозим?

– Сайлов участка биносига киришда таянч-ҳаракат тизимида муаммоси бўлган ногиронлар учун усти сирпанмайдиган пандус ҳамда эшиклар, йўлаклар ва овоз бериш кабинаси кенг бўлиши керак. Бу ногиронлар аравачаси фойдаланувчиси учун қулайлик яратади.

Ногиронлиги бор сайловчиларнинг қулай овоз беришлари учун кабиналар паст столлар билан жиҳозланиши, бино ичида эркин ҳаракатланиши учун шароитлар яратилиши керак.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, 2021 йилда Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган. Конвенциянинг 29-моддасида “Давлат ногиронларнинг сиёсий ҳуқуқларини ва улардан бошқа фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлайди” дейилган.

Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахслар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини, жумладан, сайлов ҳуқуқини бошқа фуқаролар билан тенг ва эркин амалга ошириши мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Унга кўра, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар ўз хоҳиш-иродасини мустақил ифода эта олишлари учун ҳар бир сайлов участкаси сайлов бюллетенини тўлдиришда фойдаланиладиган Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланади.

Сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган ва жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилиши, сайловчилар рўйхатида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкаларида оптик лупалар ҳамда қўшимча ёриткичлар бўлиши таъминланади.

 Участка сайлов комиссияси биносига кириш жойи ногиронлар аравачасига мослаштирилган пандуслар билан жиҳозланганлиги хатловдан ўтказилиши, ногиронлиги бўлган сайловчилар сайлов участкаларида маълумотлар, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг ахборот материаллари (плакатлари) билан танишиши ҳамда ўзлари муносиб деб топган номзодга, сиёсий партияга эркин овоз бериши учун шароит яратилиши белгиланди. 

Сайловчилар билан учрашувларда ногиронлиги бўлганларнинг иштирокини таъминлаш ва уларнинг биноларга киришлари учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, тадбирни ташвиқот олиб бориш учун танланган бинонинг биринчи қаватида ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Босма, кўргазмали, аудиовизуал ҳамда бошқа ташвиқот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг алоҳида эҳтиёжлари инобатга олинади.

Жумладан, имо-ишора тили, сурдо таржима, субтитр ёзуви, Брайль алифбоси ва оммавий ахборот воситалари, интернет ва мобиль алоқа имкониятларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. 

Овоз бериш биноларига яқин бўлган автомобиллар тўхтаб туриш жойларида ногиронлиги бўлган сайловчиларнинг автотранспорт воситаси учун тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш назарда тутилган.

Бу галги сиёсий жараёнда ҳам сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг овоз бериши учун зарур шароитлар яратилгани эътиборга молик.

ЎзА мухбири 

Абдулазиз РУСТАМОВ

 суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech