АММОН, 28 октябрь. /"Дунё" АА/. Иорданиянинг "Ammon News" электрон нашрида "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш: Янги Ўзбекистон тажрибаси" сарлавҳали мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Муаллиф бугунги кунда дунёда содир бўлаётган чуқур сиёсий ва иқтисодий зиддиятлар даврида Янги Ўзбекистонда тинч ва фаровон ҳаётни таъминлаш, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланганини ёзган.
"Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятида фаол иштирок этиб, жаҳон ҳамжамияти учун умумий муаммоларни мулоқот ва ҳамкорлик, маданий-цивилизациявий, миллатлараро ва динлараро ўзаро ҳамкорлик орқали ҳал этишга интилади, – дейилган нашрда. – Мамлакат халқаро ташкилотлар доирасида халқаро нормаларни яратиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 10 та махсус резолюция қабул қилинди".
Мақолада Ўзбекистоннинг илк бор тарихда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлганини маълум қилган. Ушбу Кенгаш доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан "COVID-19 пандемиясининг ёшлар ҳуқуқларига таъсири" (2021 йил октябрь), "Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари" (2022 йил октябрь) ҳамда "Ҳар бир болага тинчлик ва бағрикенглик руҳида сифатли таълимни таъминлаш" (2023 йил октябрь) резолюциялари қабул қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон илк марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайлангани, шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлгани ҳақидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.
Мақола якунида, "Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига доимий равишда тадбиқ этиб келмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва уларнинг лойиҳаларининг гендер, инсон ҳуқуқлари ва коррупцияга қарши экспертизаси амалга оширилмоқда. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссияси фаолият юритмоқда", деб ёзган "Ammon News".
- Қўшилди: 30.10.2024
- Кўришлар: 515
- Чоп этиш