“Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак”. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу даъватидан келиб чиқиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази касаба уюшмаси қўмитаси томонидан “Касаба уюшмалари – маданият тарғиботчиси” шиори остида турли маънавий-маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
15 ноябрда Миллий марказ ходимларининг Ўзбек Миллий академик драма театрига уюштирилган жамоавий ташрифи шундай муҳим тадбирлар сирасига киради. Шу куни Ўзбек Миллий академик драма театрининг 110 йиллик мавсумига бағишлаб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг “Маъсума” романи мотивлари асосида Асқар Холмўминов ҳамда Шаҳбоз Файзуллаев инсценировкаси бўйича саҳналаштирилган “Биринчи қалдирғоч“ (“Маъсума”) драмасининг премьераси бўлиб ўтди.
Юртдошларимизнинг маданий савиясини ошириш ва ўзбек театр санъатини халқаро майдонга олиб чиқишда Ўзбек Миллий академик драма театрининг ўрни беқиёс. Театр ижодкорлари томонидан кейинги йилларда саҳналаштирилган “Жалолиддин Мангуберди”, “Aдолат фасли”, “Юлдузли тунлар”, “Усмон Носир”, “Чўлпон”, “Садоқат билан...”, “Уруш одамлари” каби юксак савиядаги спектакллар бунга яққол мисол бўла олади.
Хусусан, “Биринчи қалдирғоч“ спектакли ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, ушбу саҳна асари ўзбек театрининг биринчи актрисаси Маъсума Қориеванинг ёрқин хотирасига бағишланлигини таъкидлаш ўринлидир. Aсарда актрисанинг ҳаёти, фаолияти, аянчли тақдири маҳорат билан тасвирланган.
ЎзА маълумотларига қараганда, Абдулҳамид Чўлпон “Ўзбек театри маликаси“ деб таъриф берган Маъсума Қориева биринчи ўзбек актрисаси бўлган. Афсуски, унинг ҳаёти уқубатларга тўла бўлган. Узоқ йиллик дарбадарликлардан сўнг ўзбек театрининг тамал тошини қўйган режиссёр Маннон Уйғур Маъсума Қориевани театрга жалб қилади.
Маъсума қалби пок, саҳнада руҳи кўкларга қушдай парвоз қилувчи актриса эди. Қатағонга учраган юзлаб маърифатпарварлар, минглаб оилаларнинг куни Маъсума келин бўлиб тушган хонадонни ҳам четлаб ўтмайди.
Маъсума Қориеванинг қайнотаси Абдувоҳид қори Абдурауф қори ўғли, Туркистоннинг атоқли олими ва дин арбобларидан бўлиб, “Шўройи исломия“ ва “Маҳкамаи исломия“ жамиятлари раиси, босқинчилар Уфага олиб кетган муқаддас осори атиқа – Усмон Қуръонини юртимизга қайтариб олиб келишда жонбозлик кўрсатган арбоб, жадидчилик ҳаракатининг вакилларидан эди. Қорининг тўнғич ўғли Босит Қориев – Маданият вазирлиги санъат бошқармаси бошлиғи, ўртанча ўғли Боис Қориев, яъни Олтой – “янгиликчи“ шоир, Маориф вазирлигининг масъул ходими сифатида фаолият кўрсатган.
Аммо мустабид тузум қатағонлари туфайли шоир Олтой ҳибсга олиниб, ўн йил сургун қилинади. Сўнгра кекса Абдувоҳид қори ва Босит Қориев қамоққа олинади. Актриса эса “халқ душманлари“нинг яқини сифатида жамиятдан четлаштирилади, истеъдоди хазон бўлади.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида мамлакат ҳукумати қамоқхонадаги маҳбусларга умумий афв эълон қилиб, ким ихтиёрий равишда фронтга жўнаб, жасорат кўрсатса, айбловлар олиб ташланишига ваъда беради. Маъсума Қориеванинг фарзандлари – теваракдагиларнинг маломатларидан ва хўрлашларидан таҳқирланган навниҳол йигитчалар – Ботир ва Шавкат ихтиёрий равишда фронтга жўнаб кетади.
Қайнотаси ва эри 1938 йилда отиб ташланган Маъсума Қориеванинг икки фарзанди фашизмга қарши курашда ҳалок бўлади. Уруш тугайди, лекин Маъсума аянинг фарзандларидан дарак бўлмайди. Муштипар она уларнинг изларини излаб Москвага боради. У ерда иккала ўғли ҳам жангларда ҳалок бўлганини аниқлайди.
Маълум бўлишича, урушда кўрсатган жасорати учун Шавкат Қориев «Қизил байроқ» ордени, Ботир Қориев эса «Қизил юлдуз» ордени билан тақдирланган экан... Минг афсуски, Маъсума Қориева у пайтда бундан бехабар эди.
Онаизор фарзандлари доғини кўтаролмасдан, 1946 йили Москвада вафот этади. Унинг жасадини самолётда ҳам, поездда ҳам олиб кетишга рухсат берилмайди. Ниҳоят, марҳуманинг жасади куйдирилиб, кули солинган кичик бир идиш Тошкентга олиб келинади, мустабид тузум бир оиланинг кулини шу тахлит “кўкларга совуриб“ юборган эди...
Фидойи, матонатли санъаткор, она, жасоратли аёл Маъсума Қориева – ўзбек театрининг илк қалдирғочларидан бири эди. Унинг ҳаёти наинки биргина роман, балки кўплаб саҳна асарлари, фильмлар, сериаллар учун ҳам мавзудир.
Маъсума ролини таниқли актриса, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева ижро этган. Спектаклда шунингдек, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Абдувоҳид қори, Маннон Уйғур, Боситхон Қориев каби тараққийпарвар боболаримиз сиймолари ҳам маҳорат билан гавдалантирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Маъсума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида тўхталиб, алоҳида таъкидлаганидек: “Мана шундай қайғули воқеалар билан танишганда, қаҳрамон аждодларимизнинг ўчмас хотираси олдидаги қарзимиз ва бурчимизни янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги тинч, эркин ва ёруғ кунларнинг қадрига етиш кераклигини яна бир бор англаймиз”.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.11.2024
- Кўришлар: 389
- Чоп этиш