18-19 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Фарғона вилоятидаги ҳудудларда ер участкаларини компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибига риоя қилиш ҳамда аҳолининг етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи масалалари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан мониторинг ташкил этилди.
Мониторингда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирок этди.
Ушбу тадбирдан мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 майда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси”да белгиланган тегишли вазифалар ижросини таъминлашдир.
Мониторинг тадбирлари доирасида Фарғона вилоятидаги ҳудудларда фуқароларни мажбурий кўчиришдан ҳимоялаш ва уларнинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳолати ўрганилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ томонидан “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ижроси ва фуқароларга тўлаб берилган компенсацияларга оид тегишли ҳужжатлар ўрганиб чиқилди. Бу ишлар Вилоят молия бошқармасида амалга оширилди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ Фарғона шаҳрида фуқароларнинг етарли уй-жой билан таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида янги қурилган “Эко шаҳар” аҳоли тураржой мажмуасида бўлди. Мажмуадаги аҳолига хизмат кўрсатувчи ижтимоий соҳа объектлари кўздан кечирилди.
Маълумки, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тобора муҳим ва долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, янги таҳрирдаги Конституциямизда шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши қатъий белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган “Эко шаҳар” фуқароларнинг муносиб уй-жойда яшаш ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилмоқда. Республика ишчи гуруҳи фикрича, мазкур замонавий аҳоли тураржой мажмуасининг қурилиши экологик ҳуқуқлар талабларига тўла мос келади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.11.2024
- Кўришлар: 476
- Чоп этиш