ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ДАВЛАТ МУЗЕЙИГА ҲУҚУҚИЙ НАШРЛАР СОВҒА ҚИЛИНДИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида нашр этилган 14 дона китоб ҳамда 16 дона “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали Ўзбекистон тарихи давлат музейига совға қилинди. Мамлакатимизнинг Асосий қонунига бағишланган ушбу нашрлар музейнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тарихи” номли бўлимига жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастурининг 9-бандида “Ўзбекистон тарихи музейида Ўзбекистон Конституциясига бағишланган бўлимни янги экспонантлар билан бойитиш” вазифаси белгиланган. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан Конституцияга оид нашрларнинг музейга туҳфа қилиниши ушбу вазифа ижросини таъминлашга ҳисса қўшади.

Ҳуқуқий нашрларни музейга топшириш тадбири жорий йилнинг 18 ноябрь куни бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳамидулла Мўминов, ушбу бўлимнинг етакчи мутахассиси Элёрбек Саидов  ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош мутахассиси Лазизбек Холиқулов иштирок этди.

– Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ томонидан тақдим этилган ушбу китоб ва журналларни қабул қилиб олар эканман, аввало, Миллий марказ раҳбариятига музей жамоаси номидан самимий миннатдорлик билдираман, – деди Ўзбекистон тарихи давлат музейининг илмий котиби Алишер Исмоилов. – Бу экспонатлар музейга ташриф буюрувчиларнинг Конституциямиз ҳақидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилади. Ушбу нашрлар нафақат ўзбек, балки инглиз ва рус тилида ҳам экани, айниқса, музейимизга келган хорижлик сайёҳларда Конституциямиз ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради.

Маълумот учун: Ўзбекистон тарихи давлат музейи халқимизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихи, анъаналари ва маданиятини акс эттиради. Унинг фондида 350 мингдан ортиқ осори-атиқа тўпланган. Музейнинг асосий биноси 1970 йилда қурилган ва модернизм даврига оид архитектура ёдгорлиги сифатида моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech