Акмал Саидовга Фолькер Тюркдан табрикнома келди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 2025 йил 1 январидан БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси мақомида ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Ўзбекистон вакилига табрикнома йўллади. Унда, жумладан, шундай дейилган:

“Сэр, Сизни 2024 йил 29 май куни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида 2025-2028 йиллар учун БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланганингиз билан табриклайман.

Мен раҳбарлик қилаётган БМТ Бошқармаси БМТнинг Сиз аъзоси бўлган Қўмитаси ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа барча шартномавий органлари ишини тўла қўллаб-қувватлашига амин бўлишингизни сўрайман. Сизнинг 2025 йил 1 январидан – 2028 йил 31 декабригача бўлган ваколат муддатингиз давридаги фаолиятингизга омад ва муваффақиятлар тилайман”.

БМТнинг олий даражадаги раҳбари томонидан академик А.Саидовга бундай юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистон вакилининг тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланиши Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тузилмалар билан конструктив мулоқот ўрнатишга қаратилган прагматик ташқи сиёсат стратегиясининг ёрқин натижаси бўлди.

Ушбу муҳим натижа – Янги Ўзбекистон халқи ва Президенти томонидан ҳаётимизнинг барча соҳаларида инсон қадрини жойига қўйиш учун амалга оширилаётган изчил ҳамда қамровдор ислоҳотларнинг ўзига хос ёрқин самарасидир.

Бу натижа, шубҳасиз, бутун дунёда мамлакатимиз обрў-эътибори муттасил юксалиб бораётганлигининг амалий ифодаси. Айни ютуқ – Ўзбекистондаги демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасида эришилган натижаларнинг халқаро ҳамжамият томонидан муносиб тарзда эътироф этилиши ҳамдир.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech