Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ҳар икки Кенгаш аъзолари, Миллий марказ ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти илмий ходимлари, юридик ва турдош олий ўқув юртлари, вазирлик-идоралар, мамлакатимизнинг академик ҳамжамияти ва таҳлил марказлари вакиллари, соҳанинг етакчи олимлари, ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Йиғилишга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов модераторлик қилди.
Академик А.Саидов “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ва юридик фанлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида атрофлича тўхталди.
Жумладан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларга оид ҳуқуқий ишланмалар самарасини ошириш борасидаги ишларни ташкил этиш, кун тартибидаги масалалар юзасидан соҳа мутахассисларининг илмий хулосаларга асосланган фикр-мулоҳазаларини тинглаш, айни йўналишдаги халқаро тажриба ва амалиётни ўрганиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Йиғилиш кун тартибига кўра, Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди. Юридик фанларни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2025 йилдаги иш режаси ҳам муҳокама қилинди ва тасдиқланди.
Йиғилиш якунида академик А.Саидов муаллифлигидаги “Янги Ўзбекистон Конституцияси” дарслик-хрестоматиясининг тақдимоти ўтказилди.
Тақдимотда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуров, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи Ўткирбек Очилов ва бошқалар янги дарсликнинг долзарб аҳамияти ва мазмун-моҳияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 13.02.2025
- Кўришлар: 775
- Чоп этиш