ТОШКЕНТ, 13 февраль /"Дунё"/. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида "Ўзбекистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва ушбу мажбуриятларни бажаришнинг миллий механизмлари" мавзусидаги икки кунлик семинар якунланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбир иштирокчилари болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро мажбуриятларни амалга оширишда Ўзбекистон томонидан қўйилган муҳим қадамларни муҳокама қилдилар. Таъкидланганидек, мамлакат бир қатор халқаро ҳужжатларни, шу жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир "Болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протокол"ни ҳамда "Болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факультатив протокол"ни ратификация қилинган.
Экспертлар, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли 3-Факультатив протоколига қўшилишини долзарб аҳамиятга эга эканини билдирдилар.
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилингани юқори баҳоланди. Қабул қилинаётган қонунлар "Боланинг энг яхши манфаатлари" ва "ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди" тамойилларини акс эттирувчи, болаларнинг маънавий, ақлий, жисмоний ва ахлоқий камол топишига кўмаклашадиган ҳуқуқий механизм яратилишига асос бўлгани қайд этилди.
Семинар давомида Ўзбекистон халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашда давом этаётгани таъкидланди. Жумладан, ўтган йили қабул қилинган "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида"ги қонунлар бунинг яққол намунасидир.
Семинарда сўзга чиққан экспертлар, хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Софи Киладзе Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, тизимлилиги ва қатъийлигини эътироф этди. Шунингдек, мамлакат халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ва ЮНИСЕФ тавсияларига фаол амал қилишда давом этаётгани қайд этилди.
Икки кун давом этган семинар иштирокчилари томонидан Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, халқаро стандартларни миллий даражада илгари суриш борасидаги муваффақиятларининг эътироф этилгани муҳим натижа бўлди.
- Қўшилди: 13.02.2025
- Кўришлар: 727
- Чоп этиш