Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Венгриянинг Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими

2025 йил 27 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.  Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиб, шу соҳада қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни кўзда тутади.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Венгриянинг Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили А.Козма, Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Й.Рожа сўзга чиқишди.

А.Саидов ўз нутқида имзоланган Меморандум ишонч, ўзаро ҳурмат ва умумий қадриятлар тамойилларига асосланган Ўзбекистон-Венгрия ҳамкорлигида янги саҳифа очишини таъкидлади. У сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳнамолигида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида қайд этди. Бу жараёнда халқаро ҳамкорлик ва илғор тажрибалар алмашиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили А.Козма Меморандумнинг имзоланишини мамнуният билан қабул қилди ва Венгриянинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқлигини тасдиқлади. У икки давлат географик жиҳатдан узоқ жойлашган бўлса-да, уларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик ўзгаришларга интилиш бирлаштириб туришини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Венгрия доимо ҳамкорликка очиқ эканлигини ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон билан фаол мулоқот қилишга тайёрлигини билдирди.

Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Й. Рожа Ўзбекистон ва Венгрия стратегик шериклар эканини, уларнинг ҳамкорлиги сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб маданият ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олганини таъкидлади. У икки томонлама муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдириб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш муҳимлигини қайд этди. Й. Рожа Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида Венгрия тажрибасини ўрганишдан манфаатдорлигини юқори баҳолаб, бу икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини таъкидлади.

Имзоланган англашув меморандуми институционал ҳамкорлик, қўшма тадқиқотлар, семинар ва тренинглар ўтказиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш, таълим ва маърифий ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.

Меморандумнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадамдир. Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги мулоқот, шерикликни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш учун янги имкониятлар яратади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech