27 март куни Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари Ўзбекистонда қонун билан зиддиятга кирган вояга етмаганлар учун четлаштириш чораларини жорий этиш ва озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил усулларини, шу жумладан тикловчи одил судлов ёндашувлари орқали кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш қўмитаси аъзоси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Акмал Саидов семинар ишида онлайн иштирок этди.
А. Саидов таъкидлаганидек, БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 40-моддасига кўра, вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилган тақдирда, уларни жиноий одил судловдан четлаштириш чоралари энг биринчи жавоб чораси сифатида, вояга етмаганларнинг иши жиноят ишлари бўйича судга юборилган бўлса, озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чоралари иккинчи чора сифатида кўриб чиқилиши лозим. Вояга етмаганларни озодликдан маҳрум қилиш эса фақат энг сўнгги чора сифатида ва қисқа муддатга қўлланилиши керак.
ЮНИСЕФнинг болалар учун одил судлов бўйича халқаро эксперти, БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг собиқ раиси Рената Винтер "четлаштириш чоралари", "тикловчи одил судловга асосланган ёндашув" ва "озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чоралари" тушунчаларининг мазмун-моҳиятини очиб берди. Хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибасидан мисоллар келтирди.
Р.Винтернинг таъкидлашича, ушбу чораларнинг Ўзбекистон жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигига киритилиши вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларга янада самарали муносабат билдириш имконини беради. Чунки четлаштириш чоралари, биринчи навбатда, вояга етмаганларга ўзларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатларини англаш, етказилган зарарни қоплаш, шунингдек, ўз хулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш учун аниқ қадамлар қўйиш имкониятини беришга қаратилган.
Четлаштириш чораларини тикловчи одил судлов ёндашуви билан биргаликда қўллаш муҳимдир. Зеро, бундай ёндашув жиноятдан жабрланганларга вояга етмаганларга нисбатан четлаштириш ва озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чоралари шартларини белгилашда фаол иштирок этиш имкониятини беради.
БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистоннинг 2013 ва 2022 йилларда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича даврий ҳисоботларини кўриб чиқди. Шу асосда жиноий ҳуқуқбузарликларда айбланаётган болаларга нисбатан вояга етмаган ҳуқуқбузарларни жиноий одил судлов тизимидан четлаштириш, медиация ва маслаҳат бериш каби суддан ташқари чораларни қўллашни рағбатлантириш ва имкон қадар болаларга пробация ва жамоат ишлари каби озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларини тайинлаш зарурлиги тўғрисида тавсиялар берди.
Семинарда ушбу тавсияларни яқин келажакда Ўзбекистонда жорий этиш йўлларини муҳокама қилиш муҳимлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлюдахон Ходжаева ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Антония Людек иштирок этди ва сўзга чиқди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 27.03.2025
- Кўришлар: 434
- Чоп этиш