Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатли ҳимояда: мурожаат орқали иш ҳақи ундирилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Виртуал қабулхонаси орқали фуқаро Ш.И. томонидан йўлланган мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро аввал ишлаган корхонаси томонидан иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги ҳолатидан норозилик билдириб, ушбу муаммони қонун доирасида ҳал этишда амалий ёрдам сўраган.

Фуқаронинг мурожаатида келтирилган ҳолатни атрофлича ўрганиш мақсадида Самарқанд вилояти прокуратурасига тавсия хати киритилди. Прокуратура томонидан амалга оширилган ҳуқуқий тадбирлар натижасида жорий йилнинг 6 март куни фуқаро Ш.И. фойдасига 16 млн сўм миқдоридаги иш ҳақи қарздорлиги тўлиқ ундириб берилди ва унинг ҳуқуқлари тикланди.

Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари амалда таъминланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Конституциянинг 42-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитлари ва ўз вақтида ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, ҳар бир ходим бажарган меҳнати учун белгиланган муддатда ва тўлиқ иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг бузилиши давлат органлари томонидан ҳуқуқий назоратга олинади ва тегишли чоралар кўрилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолиятини изчил давом эттиради.

 

А.Аҳмедов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази етакчи мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech