“Рақамли технологиялар ва инсон ҳуқуқлари”

8 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий-одил судлов  факультети 2-курс талабалари учун шу мавзуда маҳорат дарси ўтказилди. Мазкур тадбир Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилди.

Талабаларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва миллий нормаларнинг амалиётда қўлланилиши, халқаро шартномаларнинг аҳамияти ва уларни ижро этиш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борадаги халқаро ҳамкорлик жараёнлари ҳақида ҳам хабардор қилинди.

Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими етакчи мутахассиси Н.Султонов ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди. Мулоқот асносида БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган конвенциялар, декларациялар ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ратификация қилиш жараёнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларда белгиланган талабларни миллий қонунчиликка мослаштириш масалаларининг нечоғлик муҳимлиги тўғрисида атрофлича фикр юритилди.

Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси А.Аҳмедов Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши жараёнлари ҳақида тўхталди. Бунда фуқаролар ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилишининг олдини олишда мунтазам ҳуқуқий кўмак, маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилаётганига эътибор қаратилди.

Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси Х.Холмаматов талабаларга инсон ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчиликни таҳлил қилиш, йиллик таҳлилий ҳисоботлар ва ахборотномалар ишлаб чиқиш, давлат органлари ва жамоатчилик учун амалий тавсиялар тайёрлаш,  халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус маърузалар ва тақдимотлар тайёрлаш ҳақида сўзлаб берди.

Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва маърифат бўлими етакчи мутахассиси Х.Абдурасулов мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламдаги ислоҳотлар ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари ва миллий амалиёт, шунингдек, Миллий марказнинг инсон ҳуқуқларига оид таълим соҳасидаги фаолияти юзасидан батафсил маълумотлар берди.

Миллий марказнинг Ахборот-ресурс мультимедиа бўлими бошлиғи Х.Мўминов Инсон ҳуқуқлари уйи негизида қисқа даврда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва миллий ҳужжатлар, илмий тадқиқотлар, шарҳлар ва таҳлилий ҳисоботларнинг замонавий кутубхонаси шакллантирилгани ҳамда ривожлантирилаётганини маълум қилди.

Бундай маҳорат дарслари ёш авлод ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, уларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур тушунчаларни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини янада кенг англаш имкониятини оширади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech