9 май – Хотира ва қадрлаш куни
“Ҳаёт қонуниятига кўра, вақт ўтиши билан кўп нарса унутилади, эсдан чиқади. Лекин бу ёруғ дунёда улуғ бир ҳақиқат борки, у ҳеч қачон ўзгармайди, ҳеч қачон эскирмайди. Яъни, Ватан ва халқ озодлиги, келгуси авлодларнинг бахту саодати йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган инсонлар хотираси ҳамиша барҳаёт яшайди”. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 19 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони давлатимиз раҳбари айтган ана шу фикрларнинг амалдаги яна бир тасдиғи бўлди.
Тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик – энг улуғ неъмат. Ўз навбатида, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келаётгани – инсон зотига, унинг муқаддас ёди, умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир.
Бу йил мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш кунига ҳар галгидан ҳам ўзгача ҳозирлик кўрилгани бежиз эмас. Чунки, бир томондан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 2025 йилни – Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилган бўлса, иккинчи томондан, жорий йилда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланмоқда.
Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг яна бир фармони ва қарори изма-из эълон қилинди. Бу ўринда, хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 25 февралда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медалини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони, шунингдек, 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳақида сўз бормоқда.
Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини, уларга тенглаштирилган шахсларни ҳамда 1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларини моддий рағбатлантириш мақсадида:
· Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 10 000 (ўн минг) АҚШ доллари;
· Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 000 000 (йигирма беш миллион) сўм;
1941-1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига 3 000 000 (уч миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги" юбилей медали ва бир йўла тўланадиган пул мукофотларини бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларимизга тантанали вазиятда ва байрамона руҳда топширилмоқда.
Айни воқелик мисолида давлатимиз сиёсати, жамиятимиз кайфияти, халқимиз тийнатига хос инсонпарварлик руҳи яна бир бор баралла намоён бўлди. Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳаёти, эрки ва шаъни, қадри ва хотираси, жасорати ва матонатини эъзозлаш борасида амалга оширилган хайрли ишлар халқимиз таҳсини ҳамда эҳтиромига сазовор бўлаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бундан икки йил олдин, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда халқимизнинг янги таҳрирдаги Конституция учун овоз бериши билан якунига етган конституциявий ислоҳотлар аввалида Ўзбекистон Президенти шундай деб таъкидлади: “Инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт”. Бинобарин, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 26-моддасида “Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир” деган инсонпарвар норма мустаҳкамлангани бежиз эмас.
Инсон шаъни – инсоннинг бошқа одамлар олдида ўз аҳамиятини англаши, таъбир жоиз бўлса, инсоннинг маънавий обрўси. Инсон қадр-қиммати эса шахснинг ўзини ўзи ҳурмат қилиши, жамият аъзоси сифатида ўз мавқеи ва аҳамиятини англаши, деганидир.
Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши замирида ҳам “Инсон қадри учун” шиори негизида кишиларни эзгуликка ундаш фалсафаси мужассам.
Хотира деганда – биз, аввало, бу фоний дунёдан ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Қадрлаш – асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, демак.
Ҳақиқатан ҳам, инсон хотиралар билан яшайди. Кечаги куннинг машаққатларини эслаб, оғир дамларни бугунги фараҳбахш ҳаёт билан муқояса қилсак, ҳар биримиз эзгулик, яхшиликни улуғлаб яшашга кўпроқ интилишимиз табиий. Бундан беш йил аввал пойтахтимизда барпо этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бу ҳақиқатни бизга ёрқин эслатиб турибди.
Шу ўринда, 2025 йил май ойи бўйича маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 82 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва уларга тенглаштирилган фахрийлар яшаётганини қайд этиш лозим. Бир йил олдин уларнинг сони – 112 нафар, 2023 йилда эса 174 нафар бўлган. Фахрийларимизнинг энг улуғи ҳозирда 114 ёшни қаршилаган.
Кенг жамоатчилик вакиллари ана шу уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонларига бориб, аҳволидан мунтазам хабар олмоқда, уларга юксак ҳурмат-эътибор кўрсатмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида бугунги тинч-осойишта кунлар учун қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимиз моддий-маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Шу улуғ айём кунида ҳаммамиз энг аввало уруш майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтирамиз. Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, фашизм устидан ғалаба қозонишга улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлаш учун нимаики зарур бўлса, барини аямай сарфлади. Ўзбекистонликларнинг Ватан ҳимояси йўлидаги юксак мардлик ва қаҳрамонликлари барча авлодлар учун намуна ва ибрат мактаби вазифасини бажариб келмоқда.
Хусусан, Иккинчи жаҳон урушига ўзбекистонликларнинг 2 миллионга яқини сафарбар этилиб, шундан 538 минг нафардан ортиғи жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 158 минг нафардан ортиғи бедарак йўқолган, мустақиллик йилларида 200 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари мамлакатимизнинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўз жонини фидо қилганлар.
Бошқача айтганда, ўша урушда ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. Ўзбекистон халқи фашистлар босқинини ўз юрти ва жонажон ерига қилинган мудҳиш тажовуз деб тушунган.
Юртимиз уруш майдонларига катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, ёқилғи, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат, ғалла ва дон маҳсулотлари, гўшт етказиб беришда олдинги сафларда бўлди. Ўзбекистонга уруш бўлаётган жойлардан кўчириб келтирилган юздан ортиқ завод ва турли саноат корхоналари ниҳоятда қисқа муддатда ишга туширилиб, тўла қувват билан маҳсулот бера бошлаган. Бу корхоналарда ишлашга жалб этилган кексалар, аёллар, ўсмир болалар туну кун машаққатли меҳнат қилгани – ҳақиқий фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир.
Ўзбекистон томонидан кўрсатилган ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамнинг миқёси улкан ва аҳамияти беқиёсдир. Биргина мисол: юртимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ киши эвакуация қилинган бўлиб, шунинг 300 минг нафарини болалар ташкил этган. Бу – фақат эвакуация манзилларида рўйхатга олинганларнинг ҳисоби, холос.
Бундай рўйхатларга кирмай қолган бўлса ҳам, юртимиздан бошпана топган, халқимиздан меҳр-оқибат кўрган инсонларнинг сони беҳисобдир. Уларнинг барчаси учун Ўзбекистон иккинчи Ватанга айланган.
Бунга Иккинчи жаҳон уруши даврида турли миллатга мансуб 16 нафар қаровсиз ва етим болани фарзандликка олиб, таълим-тарбия берган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласининг қаҳрамонлиги яққол мисолдир. Бу ҳақиқатни ўша даврда каттақўрғонлик Самадовлар оиласи ҳам худди шундай инсонпарварликнинг юксак намунасини кўрсатгани, яъни уруш туфайли бошпанасиз қолган 13 нафар етим болани фарзандликка олгани очиқ-ойдин тасдиқлайди.
Ҳа, ўша даҳшатли урушда қанчадан-қанча юртдошларимиз ғалаба қозонишда ана шундай мардлик ва матонат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатларини кўрсатган. Минглаб ота-боболаримиз бу йўлда ўз жонини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонлиги қалбларимизга фахр туйғусини бағишлайди.
Бугун ўша инсонларнинг фидойилиги туфайли мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда, ҳаётимиз фаровон. Жанг майдонларида жон берган, урушдан қайтмаган ватандошларимизни эслаш, бугун орамизда соғ-саломат ҳаёт кечираётган нуроний отахон ва онахонларимизга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда кексаларимизни эъзозлаш бизнинг муқаддас бурчимиздир.
Хотира ва Қадрлаш тушунчалари тобора теран аҳамият касб этаётганининг яна бир сабаби шундаки, инсонга меҳр кўрсатиш, уни улуғлаш, қадрлаш ва эъзозлашга қаратилган ушбу аъмоллар бизни глобаллашаётган ва тез ўзгариб бораётган мураккаб даврнинг турли таҳдидларига нисбатан сезгир ва ҳушёр бўлишга, кечаги кун жароҳатларидан сабоқ чиқаришга ундайди. Бу борада, айниқса, буюк келажак эгалари – навқирон авлод зиммасидаги масъулият ғоят каттадир.
Юртимизда тинчлик ва осойишталик баробарида, инсон хотираси ва қадри, жасорати ҳамда матонатининг шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ва муносиб ибрат. Бинобарин, инсон, халқ, миллат – тарихий хотира билан тирик, барҳаёт. Айниқса, ўтганларнинг хайрли ишларини ёдга олиш, кексаларимизни қадрлаш ва эъзозлаш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Қарияларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш, уларни ҳамиша эъзозлаш эл-юртимизда азалий қадрият саналади. Ёши улуғ отахон-у онахонларимизнинг берган доно панд-насиҳатлари, файзли дуолари бизни ҳамиша яхшиликка чорлайди.
Хулоса қилиб айтганда, шу кунларда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида юртимизнинг барча ҳудудларида “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик ва маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан кўзланган мақсад – Ватан ҳимояси йўлида мардонавор курашган буюк аждодларимизга алоҳида эътибор ва чуқур эҳтиром кўрсатиш, ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган фахрийларимизни муносиб равишда иззат-икром билан шарафлашдир.
Президентимиз таъкидлаганидек, "Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизм балосига қарши курашда кўпмиллатли Ўзбекистон халқи томонидан амалга оширилган буюк тарихий ишларни, унинг енгилмас, кучли иродаси ва қаҳрамонлигини, ўша суронли йиллар ҳақиқатини келгуси авлодларга аниқ мисоллар асосида етказиш, уларни жасорат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ғоят муҳим аҳамиятга эга".
Ғулом МИРЗО
«Куч – адолатда» газетасининг 2025 йил 9 май кунги 20 (1054)-сони
- Қўшилди: 12.05.2025
- Кўришлар: 109
- Чоп этиш