Ўзбекистон Ашхободда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг можароларнинг олдини олишда аёллар иштироки муҳимлигини таъкидловчи қарорини амалга ошириш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди.
Туркманистон пойтахтида аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли қарори ижросига бағишланган икки кунлик минтақавий семинар ўтказилди. Семинар Финляндиянинг 2025 йилда ЕХҲТга раислиги кўмагида ЕХҲТ томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Туркманистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Тадбир БМТ Хавфсизлик Кенгашининг можароларнинг олдини олиш, тинчлик ўрнатиш ва барқарор тинчликни таъминлашда хотин-қизларнинг иштироки муҳимлигини таъкидловчи 1325-сонли қарори ва хотин-қизларнинг хавфсизлик масалаларидаги тенг иштирокига доир кун тартибини амалга оширишни илгари суришга қаратилди.
Семинарнинг очилишида Туркманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Маҳри Башимова, ЕХҲТнинг Ашхободдаги маркази раҳбари, элчи Жон МакГрегор ва бошқалар сўзга чиқди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова "Миллий ҳаракатлар режаларини мониторинг қилиш, баҳолаш ва янгилаш" мавзусидаги экспертлар сессиясида асосий маъруза билан иштирок этди.
Семинар иштирокчиларига 1325-сонли қарорни амалга ошириш бўйича 2019 йилда тасдиқланган Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг инклюзивлиги, идоралараро мувофиқлаштирилиши ва барқарорлиги муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
"Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатадики, аёллар нафақат иштирокчи, балки тинчлик ва хавфсизликнинг тўлақонли меъморлари сифатида жалб қилинганда барқарор натижаларга эришилади. Минтақавий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш Марказий Осиёда 1325-сонли қарор бўйича кун тартибини илгари суриш учун жуда муҳим", деди Дилноза Муратова.
Ўзбекистон ушбу йўналишда қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиш, мониторингни таъминлаш ва фуқаролик жамиятини, шу жумладан аёллар ташкилотларини жалб қилиш бўйича ўз ёндашувлари билан ўртоқлашишга тайёр.
Ўзбекистон вакили, шунингдек, Туркманистоннинг хотин-қизларнинг хавфсизлик масалаларидаги тенг иштирокига доир кун тартибини миллий устувор мақсадлар таркибига сингдириш истагини қўллаб-қувватлашини билдирди. Глобал кун тартибини миллий воқеликларга мослаштириш жараёнида маҳаллий контекст, маданий хусусиятлар ва бетарафлик тамойилини ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидлади.
Ашхободдаги семинар хотин-қизларнинг хавфсизлик ва қарорлар қабул қилиш масалаларида тенг иштирокисиз барқарор тинчлик бўлиши мумкин эмаслигини яна бир бор тасдиқлади. Ўзбекистон томони "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини амалга ошириш доирасида минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.05.2025
- Кўришлар: 207
- Чоп этиш