1 июнь – Бутунжаҳон ота-оналар кунига бағишланади.
Саҳар пайти бўлишига қарамай ҳаво бироз дим. Гўё ёмғир ёғадигандек. Етти яшар қизи Сабина ва беш ёшли ўғли Алишернинг, “Дада, туринг, паркка борамиз!” деган ширин хархашаси билан одатдагидан анча эрта уйғонган Акбар деразадан ташқарига боқар экан, осмонни қоплаган зангори булутларни кўриб, хийла ташвишланди: “Ишқилиб, ёмғир ёғмасин-да...”
Кўпчилик ўзбек оилаларида бўлгани каби Акбарнинг хонадонида ҳам 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кўтаринки кайфиятда нишонланади. Айниқса, эсини анча таниб қолган кичкинтойлари кун санаб кутишади. Бу байрам Акбарга ҳам жуда ёқади. Болаларининг беғубор табассуми, беармон шодлигини кузата туриб, юрак-юрагидан яшариб кетади. Ахир, ота-она учун фарзандларининг қувончини кўришдан зиёда бахт борми бу дунёда?
Бугун ҳам оила бекаси Нафиса нонушта тайёрлаб, кичкинтойларини тез-тез овқатлантирди-да, дарров уларни кийинтиришга тушиб кетди. Болаларининг истироҳат боғига бориш илинжида онасининг ҳар бир айтган сўзини киприк қоқмай бажаришаётганини кўриб, Акбар мийиғида кулиб қўйди. Чинни пиёладаги аччиққина кўк чойдан ҳўплар экан, одатига кўра, телефонини “титкилаб”, янгиликларга кўз югуртира бошлади. У кўпинча мақолаларни сарлавҳасига қараб саралар, қизиқарли номланган мақолаларни охиригача ўқиб чиқишдан эринмас эди.
Бу гал унинг эътиборини “1 июнь – Бутунжаҳон ота-оналар куни” номли мақола тортди. “Қизиқ, 1 июнь болалар куни-ку! Наҳотки, шундай машҳур сайтда ҳам шунақа қўпол хатога йўл қўйишса-я”, деган фикр бир лаҳзада хаёлидан ўтди. Ажабланиб, мақолани ўқий бошлади:
“1949 йилда Парижда ўтказилган Аёллар халқаро демократик федерацияси конгресси қарори билан 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида эълон қилинган. Шундан бери ушбу халқаро сана дунёнинг деярли барча давлатларида кенг нишонлаб келинади.
Шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2012 йилдаги 66/292-сонли резолюциясида 1 июнь – Бутунжаҳон ота-оналар куни дея белгиланган. Резолюцияда таъкидланганидек, “Ушбу кунда биз нафақат ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва ҳимоя қилишдаги улкан ролини, балки умуман оиланинг ролини ҳам эътироф этамиз. Шахсиятнинг уйғун ва ҳар томонлама ривожланиши учун ҳар бир бола оилавий ғамхўрликка, ота-онанинг илиқ муносабати, эътибори, меҳр-муҳаббати ва тушунишига муҳтождир”.
Аслида, ота-оналар ва болалар кунининг бир санада нишонланиши катта рамзий маънога эга. Чунки нуридийдаларига йиллар давомида байрам қувончини ҳадя этган ҳар бир ота-она, вақт ўтиб, кексайганида фарзандларидан ҳам меҳр ва эътибор кутишга ҳақли. Икки халқаро байрамнинг бир санада белгиланиши инсонларни фарзандлари ва ота-оналарига бирдек ғамхўрлик қилишга ундайди, оиладаги меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлайди”.
– Дадаси, биз тайёр бўлдик.
Бўсағада жилмайиб турган Нафисанинг ёқимли овози Акбарни чалғитди. У мулоҳазакор табассум билан ўрнидан турди.
Акбар болалари ва аёли билан дастлаб ота-онасини кўргани борди. Уларни байрам билан табриклади, олиб борган совға-саломларини бериб, хурсанд қилди. Дийдорларига тўйиб, суҳбатлашди.
Шундан сўнг, биргаликда истироҳат боғига бориб, болаларни ҳам яйратиб келишди. 1 июнь ҳақиқий оила кунига айланиб кетди.
Дарвоқе, ўша куни кечгача ёмғир ёғмади.
Қадрли ўқувчим, сиз ҳам ёзнинг биринчи кунида болаларингизни хурсанд қилиш баробарида ота-онангизни йўқлаб, уларнинг дуоларини олишни-да унутманг. Бу ишни 1 июнь – Бутунжаҳон ота-оналар куни бўлгани учунгина эмас, балки сизнинг дунёга келишингизга сабабчи бўлган, умрини, куч-қувватию мол-давлатини камол топишингизга сарфлаган ота-онангизнинг кўнгилларини шод этиш – фарзандлик бурчингиз ва энг олий фарзингиз экани учун ҳам, албатта, амалга оширинг!
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
Изоҳ: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг яқин ҳамкори - "Тонг юлдузи" газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова оиласи яқинда "Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди. Ҳамкоримиз ва оиласини ушбу мукофот билан қутлаймиз. Суратларда айни шу тақдирлаш лаҳзалари акс этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.05.2025
- Кўришлар: 450
- Чоп этиш