Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Қатар давлатига расмий ташрифи доирасида Доҳа шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув ўтказилди. Тадбир самарали ва самимий руҳда кечди.
Ватандошлар олдида сўзга чиққан А.Саидов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш ва "Янги Ўзбекистон" ғояси асосида юртимизни ҳар томонлама замонавийлаштириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Қатар давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Хўжаев учрашув иштирокчиларига ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, жумладан, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ижтимоий ҳимояни кенгайтириш, ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, чет эл сармояларини фаол жалб этиш ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Ўзбекистон тадбиркорларининг миллий брендлар ва маҳсулотлар кенг намойиш этилаётган «Expo Qatar-2025» халқаро кўргазмасидаги иштироки алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий меросини сақлаш ва хорижда тарғиб қилиш, миллий брендни илгари суриш ҳамда мамлакатнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Қатар давлати ҳудудида қўшма маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида иштирокчилар Ватанимиз билан маънавий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини эътироф этдилар. Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ташаббусларини жаҳон миқёсида илгари суришга кўмаклашиш мақсадида хориждаги ватандошлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.05.2025
- Кўришлар: 291
- Чоп этиш