Ўзбекистоннинг жаҳон инсон ҳуқуқлари ҳамжамияти иштирокчиси сифатидаги ўрни тобора юксалмоқда

27-28 май кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши шароитида инсон ҳуқуқларига риоя этиш масалаларига бағишланган юқори даражадаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда 70 дан ортиқ мамлакатдан давлат тузилмалари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари, етакчи мутахассислар ва олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон ушбу муҳокама майдонида фаол қатнашиб, рақамлаштириш даврида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тизимини мустаҳкамлаш бўйича глобал саъй-ҳаракатларга содиқлигини тасдиқлади. Анжуманнинг иккинчи кунида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов сўзга чиқди.

А.Саидов аввало рақамли ўзгаришлар шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон тажрибасига батафсил тўхталди. Сўнгги йилларда мамлакатда давлат бошқарувига рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилгани, бунда рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳуқуқий тартибга солиш ва таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, киберхавфсизликни таъминлаш ва фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган стратегик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш каби муҳим ташаббуслар тақдим этилди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг амалдаги аъзоси сифатида А.Саидов мазкур Қўмитанинг инсон ҳуқуқлари бўйича универсал стандартларни технологиялар, шу жумладан сунъий интеллект ривожланиши келтириб чиқарадиган муаммоларга мослаштириш борасидаги тажрибаси билан ҳам ўртоқлашди. Бунда инновацион ривожланишни шахс ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя қилиш билан уйғунлаштирадиган мувозанатли ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон вакилининг нутқи анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди ва инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан рақамли жараёнларни тартибга солишга умумий ёндашувни шакллантиришга муҳим ҳисса қўшди.

Умумий ва мавзули мажлисларда турли мамлакатлар ва ташкилотлар вакиллари рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сунъий интеллект технологиялари билан боғлиқ хатарларни бошқариш, бу борада халқаро ахлоқий меъёрларни ишлаб чиқиш зарурати юзасидан ўзаро тажриба ва мутахассислик фикрларини алмашдилар.

Анжуман якунида технологик тараққиёт шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида иштирокчиларнинг асосий тамойиллари, ёндашувлари ва мажбуриятлари акс эттирилган якуний ҳужжат – Доҳа декларацияси лойиҳаси муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси ушбу Декларациянинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, глобал мулоқотда фаол иштирок этишга ва бу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришга тайёрлигини тасдиқлади.

Делегациямизнинг Доҳа халқаро анжуманидаги иштироки Ўзбекистоннинг адолатли, рақамли жиҳатдан қамровли ва инсон манфаатларига йўналтирилган ривожланиш моделини яратиш устида фаол ишлаётган халқаро инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятининг масъулиятли ва ташаббускор иштирокчиси сифатидаги ўрни тобора юксалиб бораётганининг яна бир тасдиғи бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech