18 июнь – Озарбайжон Республикасида Инсон ҳуқуқлари куни. Мамлакатда, шунингдек, 2025 йил – "Конституция ва суверенитет йили", деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Боку шаҳрида "Қонун устуворлигини мустаҳкамлаш: омбудсманлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли" мавзусидаги халқаро симпозиум ўз ишини бошлади.
Симпозиум Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан ташкил этилди. Унда 15 мамлакатдан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари ва омбудсманлар, давлат органлари намояндалари, парламент депутатлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тажрибали мутахассислар қатнашмоқда.
Халқаро анжуман ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари профессор Мирзатилла Тиллабоев ҳам иштирок этмоқда.
Иштирокчилар симпозиум бошланишидан олдин Бокунинг қоқ марказида – Парламент шоҳкўчасида 1948 йили бунёд этилган ва мамлакатнинг 200 дан ортиқ йирик намояндаси дафн этилган “Фахрийлар хиёбони”ни зиёрат қилдилар. Бу ерда озарбайжон халқининг умуммиллий лидери, мустақил Озарбайжон давлатининг меъмори ва асосчиси Ҳайдар Алиев хотирасига ҳурмат бажо келтирилди ҳамда таниқли офтальмолог олим, академик Зарифа хоним Алиева хотираси ҳам ёд этилди.
Меҳмонлар “Шаҳидлар хиёбони”да бўлиб, Озарбайжоннинг Ватан озодлиги ва мустақиллиги йўлида жон фидо қилган қаҳрамон ўғил-қизлари хотирасига эҳтиром кўрсатдилар. Уларнинг қабрларига гуллар қўйилди.
Симпозиум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва омбудсманларнинг конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш, барча учун тенг ҳуқуқларни кафолатлаш соҳасидаги фаолияти: ижобий тажриба ва муаммолар мавзусидаги ялпи мажлис бўлиб ўтмоқда.
Анжуман давомида қочоқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ижобий тажриба алмашиш масалаларига бағишланган шўъба муҳокамалари ҳам ўтказилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.06.2025
- Кўришлар: 103
- Чоп этиш