Миллий марказ жамоаси – Зомин саёҳатида

22 июнь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамоаси Зомин миллий боғи ва тоғ ён бағрини саёҳат қилиб қайтди. Сайёҳлик тадбири Миллий марказнинг Касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Миллий марказ ходимлари ва уларнинг яқин оила аъзолари Жиззах вилоятидан ўтадиган марказий йўл бўйидаги туристик хизматлар имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Жумладан, йўл ёқасидаги “Бешёғоч” кафесида тайёрланган миллий таомлардан тамадди қилдилар.

Саёҳат дастурининг асосий тадбири Зомин миллий боғининг сўлим гўшаларини томоша қилишдан бошланди. Бу ерда сайёҳлар учун яратилган шароитлар ҳамкасбларимизга манзур бўлди.

Миллий боғ ҳудудидаги “Канат йўли”, “Бахт” осма кўприги, “Минг йиллик арча”, “Шербулоқ” шифобахш суви, Зомин шаршараси ва сув омбори, “Бобоёнғоқ” дам олиш маскани ўзгача жозибаси билан сайёҳларни ўзига ром этди. Айниқса, тоғ ҳудудининг тоза ҳавоси ва зилол сувлари ҳаммага мақбул бўлди.

Миллий марказ ходимлари саёҳат асносида Зомин аҳлининг маҳаллий таоми – қозон патир тайёрлаш жараёнини ҳам яқиндан томоша қилдилар. Хуштаъм ва иссиқ патирларни татиб кўргач, жамоадошларимизнинг кайфияти янада чоғ бўлиб, саёҳат жараёни янги  таассуротлар билан бойиди.

Зомин саёҳати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майда қабул қилинган “2025-2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилди. Бу Миллий марказнинг Касаба уюшмаси қўмитаси амалга оширган навбатдаги тадбир ҳисобланади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech