16 июль куни Циан шаҳрида "Хитой – Марказий Осиё" инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг 2025 йилдаги анжумани ўтказилди. Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган ушбу халқаро форум "Инсон ҳуқуқларини биргаликда ривожлантириш йўлида цивилизациялараро мулоқотни чуқурлаштириш ва ўзаро бойитиш" мавзусига бағишланди.
Анъанавий халқаро анжуманда Хитой Халқ Республикаси ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатларидан 60 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, тегишли ҳукумат идоралари вакиллари, экспертлар ва олимлар, оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакиллари, шунингдек, жамоат бирлашмалари раҳбарлари қатнашди.
Форум ишида мамлакатимиз вакили – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди.
Муҳокамалар асносида асосий эътибор "Цивилизациялар хилма-хиллиги, Осиё қадриятлар тизими ва инсон ҳуқуқларини глобал бошқариш", "Ягона тақдир ҳамжамиятини биргаликда қуриш ва инсон ҳуқуқлари соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш" каби мавзулар таҳлилига қаратилди.
Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси бошқарув кенгаши раиси Се Фучжан бутун инсоният фаровонлиги йўлида ҳеч бир мамлакат ва миллат ортда қолмаслиги муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, тараққиётга кўмаклашиш мақсадида ҳамкорликка амал қилиш ва ривожланиш натижаларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни илгари суриш учун фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.
Се Фучжаннинг фикрича, ривожланаётган мамлакатлар сифатида Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати бутун дунё халқларига кўпроқ фойда келтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини доимий равишда ошириш учун ривожланиш стратегияларини мувофиқлаштириши ва умумий модернизацияга ҳисса қўшиши лозим.
Форум иштирокчилари инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини эътироф этдилар ва бунга ишонч билдирдилар.
Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича ушбу форум бўлиб ўтган Циан шаҳри – Шимоли-ғарбий Хитой ҳудудига қарашли Шенси вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади. Бундан олдин шунга ўхшаш форумлар 2023 йил сентябрь ойида – Пекинда ва 2024 йил май ойида – Остонада ўтказилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.07.2025
- Кўришлар: 332
- Чоп этиш