Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг ўзбек тилида нашр этилган "Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида" номли китоби ҳақида

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари тобора кенгайиб, такомиллашиб ва изчил ривожланиб бормоқда. Аслида бу тарихий муштараклик қадимий Буюк ипак йўлига асос солинган даврлардан бошланган.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан юқори босқичга қадам қўйди. Икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий негизини “Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома”, “Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация”, “Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш ҳақидаги қўшма декларация” каби муҳим икки томонлама ҳужжатлар ташкил этади.

Жаҳон ҳамжамияти Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини юқори баҳоламоқда. Мамлакатнинг бундай муваффақиятга эришишида Хитой Халқ Республикаси Раиси, халқаро даражада тан олинган лидер Си Цзиньпиннинг раҳбарлик роли беқиёсдир.

Си Цзиньпин жаноби олийлари ўз чиқишларидан бирида: “Буюк даврлар буюк инсонларни дунёга келтиради”, деб таъкидлагани бежиз эмас. Чунки айнан унинг раҳбарлигида Хитой давлати “янги давр”га қадам қўйди – бугунги кунда мамлакат савдо-сотиқ қобилияти бўйича – жаҳонда биринчи, ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича  – АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Бу юксак натижалар ХХРда камбағалликка барҳам бериш имкониятини таъминлади. Мамлакатда кейинги 10 йил давомида аҳоли даромади икки баравар ортди. Хитойнинг ушбу ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилди.

Си Цзиньпин жаноби олийларининг асосий шиори шундай: “Оддий одамларни ўз ота-онангдек яхши кўр, уларнинг манфаатларига хизмат қил ва бахтиёр ҳаёт кечиришларини таъминла”. Бу чорлов ўзбек китобхонларига тақдим этилаётган “Си Цзиньпин. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида” тўпламига ҳам киритилган.

Китоб Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ҳузуридаги Партия тарихи ва адабиёти нашриёти томонидан нашр этилган. Нашрга сўз бошида, жумладан, шундай дейилади: “Бош котиб Си Цзиньпиннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш масалаларидаги қатор муҳим ғоялари узоқни кўра билиш, мазмунининг бойлиги ва фикрларининг чуқурлиги билан ўзига хосдир. Улар Хитой халқининг инсон ҳуқуқларини янада юқори даражада таъминлаш, модернизациялашган социалистик давлатнинг ҳар тарафлама тараққий этиши, Хитой миллатини буюк мақомда тиклаш ҳақидаги хитой орзуси учун олий аҳамиятга эгадир.  Бу инсон ҳуқуқларини янада адолатли ва инклюзив, тизимли тарзда глобал бошқарувини шакллантириш, шунингдек биргаликда инсоният ягона тақдирининг ҳамжамиятини яратиш учун улкан аҳамиятга эгадир. Бу инсон ҳуқуқларининг янада адолатли, оқилона ва инклюзив глобал бошқаруви тизимини шакллантиришни илгари суриш, шунингдек, инсоният келажаги умумий бўлган ҳамжамиятни яратишда улкан аҳамиятга эга. Хитойда ва хориждаги ўқувчиларнинг Си Цзиньпиннинг муҳим фикрлари ҳамда Хитойнинг инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя этиш соҳасидаги улкан тажрибаси билан танишишлари ва ўрганишлари мақсадида биз “Си Цзиньпин. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва кафолатлаш тўғрисида тўплам” китобини таёрладик”.

Бугунги кунга қадар ушбу китоб хитой, инглиз, рус ва бошқа тилларда нашр этилган. Китобда Си Цзиньпиннинг 2012 йил 15 ноябрдан 2021 йил 30 октябргача, яъни 10 йил давомидаги муҳим маърузалари, суҳбатлари нутқлари, саволларга жавоблари, табрикларидан иборат 160 тадан кўпроқ чиқиши матнлари жамланган. Китоб 9 та мавзу доирасида билдирилган 335 та фикрни қамраб олган. Си Цзиньпиннинг тўпламга киритилган айрим фикрлари биринчи бор нашр этилган.

Китобнинг 2025 йилги ўзбекча нашри Пекиндаги “Хорижий тиллардаги  адабиётлар нашри” МЧЖ ва Тошкентдаги “Ўзбекистон”  нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилди. Тўплам тақдимоти 2025 йил 19 август куни пойтахтимизда Хитой Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича жамияти, Хитой Халқ Республикасининг Адабиётларни хорижий тилларда нашр этиш ва тарқатиш ишлари бўйича бошқармаси, ХХРнинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech