Тошкент ва Самарқандда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми бўлиб ўтди

10–13 сентябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида диний бағрикенглик, маърифат ва тинчлик ғояларини тарғиб этувчи “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми бўлиб ўтди. Форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан ўтказилди.

Мазкур нуфузли тадбир АҚШнинг “Лове Your Neighbor Community” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб амирликлари, Индонезия ва Марказий Осиё давлатлари – жами 5 мамлакатдан қарийб 50 нафар етакчи диншунос, илоҳиётчи, эксперт ва юқори мартабали шахслар иштирок этди.

Форумнинг иккинчи ялпи сессияси “Диний эътиқод эркинлигини таъминлашда давлат органларининг роли” мавзусига бағишланди. Ушбу сессия ишига Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов модераторлик қилди.

Тадбир якунида Мурожаатнома қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда жаҳон ҳамжамияти диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эътиқод эркинлигини умумбашарий ҳуқуқ сифатида тасдиқлаш ҳамда зўравон экстремизмга қарши диний маърифатни ривожлантиришга даъват этилади.

“Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми 2022 йилда Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилган халқаро анжуманнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ўша I Форум якунида қабул қилинган Бухоро декларацияси БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида эътироф этилганди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech